Гулшан аро (ёхуд Сахобалар хаёти бўйлаб) сайр. Билол ибн Рабох розияллоҳу анҳу. (1-қисм)

Сизларни бу улкан кишилар ҳаёти билан бақадриҳол таништиришда давом этар эканмиз, энди ўша “Саҳобалар ҳаёти” номли боғнинг яна бир гулшани ила, ўша улуғ, муборак карвоннинг, иймон, садоқат, фидойилик, шижоат, матонат, барча эзгу амаллар ортилган карвоннинг яна бир тенги йўқ фарди ила таништиришга ҳаракат қиламиз..

Умар ибн Хаттоб р.а. уни эслаганда “Абу Бакр бизнинг саййидимиз, саййидимизни озод қилган..” дер эдилар..
Кимсан ҳазрати Умардек киши “саййидимиз” деб турган зот жуда улуғ бўлишида шубҳа йўқ..
Лекин, ровийлар сифатлагандек “қоп-қора, ориқ, ўта узун бўйли, майиздек сочлари бошига ёпишиб ётган, сийраксоқол бу киши ўзларига қаратилган мақтов, олқишларни эшитишлари билан юзларини хам қилиб, кўзларини ерга қадар, ёноқларидан ёшлар думалаб: “Кечагина қул бўлган ҳабашман, холос”, дейишдан бошқа гап айтмасди..
Кечагина қул бўлган бу ҳабаш ким бўлди экан? Пайқагандирсиз, гап ҳазрати Билол ибн Рабоҳ ҳақида кетмоқда.. Бутларга қирон келтирган Ислом муаззини ҳақида кетмоқда… Бу одам иймон ва садоқат, фидойилик мўъжизаларидан бири.. Улуғ Ислом мўъжизаларидан биридир.. Ислом тетапоя бўлиб бошлагандан ҳозирга довур, балки қиёматгача мусулмон болалардан хоҳлаганингизни чақириб сўранг, ўша заҳоти жавоб беришади, худди Исломдаги улуғ икки халифа Абу Бакр ва Умарни билганидек..
Хоҳ Мисрда бўлсин, хоҳ Покистон, хоҳ Малайзия, хоҳ Хитой..
Ёки Америкада бўлсин, ёки Европа, ёки Россия..
Ироқ, Сурия, Туркия, Эрон, Судан.. Тунис, Жазоир, Мағриб… Африка чангалзорлари ичида бўлсин, ё Осиё тепаликлари устида… Хуллас мусулмонлар яшаётган қайси диёрга бориб, хоҳлаган болани чақириб ўша юқоридаги саволни берсангиз: “Болакай, менга қара, Билол ким? Биласанми?” десангиз, “Ҳа, пайғамбаримиз муаззини, динингдан қайтасан, деб эгаси қайноқ тош билан азоблаганда “Аҳад, Аҳад” деб турган қора кишида”, деб жавоб беради..
Ислом ато этган бу инъомнинг кўрсангиз, номининг тилларда достон, асрлар узра тарқалиб, азон исми билан унинг исми қоришиб кетганини кўрсангиз, билингки, худди шу Билол Исломдан илгари бир ҳовуч хурмо эвазига эгасининг туясини боқиб юрадиган қулдан бошқа ҳеч ким эмасди..! Ислом бўлмаганида шу зайлда беқадр ҳаёт кечириб, гумномлигича ўлиб кетган, номидан асар қолмаган бошқа миллионлаб қуллар сингари бунданда ному нишон қолмаган бўлур эди..
Лекин Иймон туфайли унда жўш урган фидойилиги, иймон келтирган улуғ Дини туфайли Ислом улуғлари, улкан, покиза зотлари ичида баланд мартабага эга бўлди.. Дунёда қанчадан қанча мартаба, бойлик, мансаб эгаси бўлганлар ўша ҳабаш қул эришган улуғ, ўчмас номнинг ўндан бирига, балки юздан бирига ҳам эришолмадилар…! Оддий кишиларни қўятурайлик, тарих қаҳрамонларидан аталмиш кўпчилик машҳурлари Билол эришган шуҳратни қўлга киритолгани йўқ..
Одамлар ўша вақтларда, ҳозирги жоҳилият тарқалган кўп ерларда ҳам, Африканинг қаеригадир мансуб бўлган, Билолга ўхшаган, ҳатто ўзининг ҳаётига ўзи ҳукмрон бўла олмайдиган, сотиб олган эгасининг бир моли ҳисобланмиш бир қул, эгасининг мол-қўй, чорвалари ичида кун кечирадиган бир қарол бирор нарсага қодир эмас, ҳеч нарса қила олмайди, деган ўйда эдилар..
Бу киши эса ўша ўй-хаёлларни тўзғитиб юбориб шундай иймонга эришдики, бошқалар бундай иймонга эришиши амри маҳол эди.. Устига устак мусулмон бўлиб, пайғамбарга эргашган барча қурайш зодагонлари орзу қиладиган “пайғамбар ва Исломнинг илк муаззини” деган шарафли номга эга бўлди..
Билол… ибн… Рабоҳ…
Келинг, бу учтагина калима ўзида жамлаган улуғ саҳобанинг ҳаётига бирров назар ташлаб ўтайлик..
* * *
У қоралар уммати ҳисобланмиш ҳабаш диёридан.. Фалакнинг гардиши билан Маккадаги Қурайш зодагонларидан ҳисобланмиш Бани Жумаҳ қабиласидаги чўрилардан биридан дунёга келди..
Кунлари бошқа қуллар куни каби кўримсиз, бесамара ўтар, на бугунида бир нарса қила олар, на эртасига умид билан қарарди..
Одамлар Маккада “Муҳаммад хабари”ни қўлма-қўл қилиб, оғиздан оғизга кўча бошлаган пайтда унинг ҳам қулоғига бу янги хабар чалинган, эгаларининг, уларникига келадиган меҳмонларнинг гаплари орқали, айниқса, унинг ва ўша қабиланинг бошқа қулларининг хожаларидан бири бўлган Бани Жумаҳ саййидларидан бири бўлмиш Умайя ибн Халаф оғзидан анчагина нарса эшитган эди.. Умайянинг бу янги пайғамбар ҳақида ғазаб, нафрат билан дўстларига, қабиладошларига гапираётганлигининг кўпинча гувоҳи бўлар, бир йўсин, бир ритмда кетаётган ҳаётига бу хабарнинг янгилик бўлаётганини қалби сезиб турар, уларнинг ғазаб, таҳдид, адоватга тўла гаплари орасида Муҳаммаднинг ростгўй, покиза, амонатлилигини гапиришиб, ҳайрон бўлган ҳолда: “Муҳаммад бирор ёлғон ҳам сўйламаган киши эди, сеҳргар десак, сеҳргар эмас, жинни дейлик десак, жиннига ўхшамайди, нима бўлганда ҳам бу олиб келган нарсасига ҳеч ҳам йўл қўйиб бўлмайди, одамларни бу динга киришдан қайтариш керак”, дейишаётганини кўриб юраги ҳаприқиб қўярди..
Ҳа.. Мушриклар у зот ҳақида, амонат, вафоси, мардлиги, ахлоқи, покизалиги, ақлли киши эканлиги ҳақида сўзлашар, нега бу даражада адоват қилишаётганини яширмас ҳам эдилар.. Ота-боболарининг динлари, шунча асрлар бўйи бу орқали тўпланган, ибодат, расм-русумлар маркази бўлган диний пешволик мартабаси кетиб қолишидан қўрқишар, устига устак, “нега айнан Бани Ҳошимдан пайғамбар чиқаркан” деган ҳасад уларни қамраб олган эди..

* * *
Бу воқеалар, ҳолатларни яқиндан кўриб юрган Билолга бир куни Оллоҳ нури етиб, покиза қалби, беғубор руҳига тараладида, Росулуллоҳ га бориб ўзининг иймонини эълон қилиб, мусулмон бўлади..
Унинг мусулмон бўлгани бир пасда барча ерга тарқаб, эгаларининг, хожаларининг ҳам қулоқларига етмай қолмайди..
Бу хабардан уларнинг кибру ҳаво билан шишган бошлари гир айланиб, ғуруру менсимаслик ила осмонга кўтарилган бурун катаклари кенгайиб кетади! Кимсан Бани Умайя қабиласининг арзимас, бир пулга қиммат қоравой қулларидан бирининг мусулмон бўлиши уларнинг оппоқ юзларига қоп-қора оёғини қўйиш билан тенг бўлиб, шармандаю шармисорлик эди!!
Чексиз ғазабга минган Умайя ёрилиб кетмаслик учун тишини тишига босганча: “Майли… Бугун кун ботиши билан бу нонкўр қулнинг исломи ҳам ботади..” деб хириллар эди..
Лекин ҳеч қачон Билолнинг ислом қуёши ботмади, балки бир кун келиб, барча Қурайш бутлари ботиб кетди, бутпарастлар ҳомийлари ботиб кетди.!
* * *
Билол эса, фақат Исломгагина эмас, бутун башарият учун шараф бўладиган ишни қилди..
Буюк киши сифатида, улуғлар қаторида энг қаттиқ, мудҳиш азобларга дош берди.
Бу билан гўё Оллоҳ таоло “башаранинг қора бўлиши тананинг қул бўлиши ўз иймонини топган, Раббига маҳкам боғланган, ўз ҳақини ҳимоя қилган Руҳ иродасини ҳеч ҳам бука олмайди, унинг азаматини йиқа олмайди” деётгандек эди..
Билол бу матонати билан замонасидаги, балки барча замондаги кишиларга “виждон эркинлиги, қалб ҳокимиятини олтин тўла ерга ҳам, азоб тўла ерга ҳам алишиб бўлмайди” деган дарсни ўтаётган эди..
Динидан қайтиш учун, қаноатини ўзгартириш учун қайноқ чўғ устига қўйилсада, бош тортди…
Дарҳақиқат, тенги йўқ тарбиячи бўлмиш Муҳаммад а.с. ҳамда улуғ Ислом – эгасига қул бўлган бу нотавон ҳабашдан қалб дахлсизлиги, виждон эркинлигини ҳимоя қилиш борасида бутун башариятга узтоз бўлса арзийдиган бир кишини етиштирдилар..
Саҳро темирдек, ҳаво мисдек қизиб, жаҳаннамга айланган вақтда Билолни олиб чиқиб, кийимларини ечган ҳолда чўғдай қизиб турган қайноқ тошлар устига ётқизишар, кейин бир неча киши бир бўлишиб ёниб турган бир харсангни кўтариб келишиб, кўкрагига босиб қўйишар эди..
Бу азоб ҳар куни такрорланар, узоқдан гувоҳ бўлганларнинг раҳмлари келиб юраклари сувдек оқиб турар, лекин қўлларидан ҳеч нарса келмас эди.. Азобнинг қаттиқлигидан уни азоблаб турганларнинг баъзи бирлари ҳам таъсирланиб кетган эди.. Охирда улар олиҳаларини бир мартагина яхши сўзлар билан тилга олса қўйиб юборишларини айтиб, ялинишга тушишди.. Улар шундайича қўйиб юборишса, Қурайш зодагонларидан “ээ ўла, қулидан енгилипти” деган иснодга қолишдан қўрқар эдилар..
Лекин шу биргина, оғиз четидан чиқиб кетадиган сўзни ҳам Билол айтишдан бош тортар, ўрнига ўзининг кейинчалик мангуликка айланган машҳур сўзини такрорлар эди:
Аҳад… Аҳад..
Жаллодлари бир ўдағайлашар, бир ялинишар, “Лот билан Уззониям айт” дейишар, у: “Аҳад.. Аҳад…” дейишдан нарига ўтмас эди..
Улар тағин зуғум била: “Биз айтгандек айт” дейишса, ажойиб киноя билан, чақиб олувчи истеҳзо ила: Тилим айланмайди, дер эди!!

Tags: ,

Leave a Reply