Гулшан аро (ёхуд Сахобалар хаёти бўйлаб) сайр. Билол ибн Рабох розияллоҳу анҳу. (2-қисм)

Билол ўша қаттиқ азобда тегирмон орасида қолган дондек пастидану устидан қайноқ тошлар исканжасида кеч киргунча қолар, кун қайтгач, уни турғизишиб, бўйнига арқон боғлаб шаҳарга олиб қайтишар, ҳолдан бутунлай толган Билолни ёш болаларига топширишиб, Макка кўчалари бўйлаб судраб юришга буюрар эдилар.. Билол эса, ўзининг покиза хиргойиси бўлмиш “Аҳад, Аҳад”ни тилидан қўймас эди..
Тун ўз қоронғилик пардаси билан барча томонни ўраб олгандан кейин ҳам гўё улар ўзларининг Билол билан “савдоларини пиширмоқ” учун унга:
– Эртага олиҳаларимиз ҳақида бир яхши сўз айтгин, раббим Лот Уззо дегин, тинч қўяйлик сени, қайтиб сенга бир сўз демайлик. Ахир биз ҳам азоблашдан чарчаб кетдик! Азобни гўё биз кўраётгандек!, деётгандек бўларди..
У эса бош чайқар, “Аҳад, Аҳад” сўзини такрор ва такрор айтар эди..
Бундан ёрилиб, ёниб кетган Умайя ибн Халаф унга мушт туширар, қичқириб:
– Эй бахтиқаро қул! Не кўргилик бўлдинг бизга! Лот билан Уззога қасамки, сени қулларга ҳам, саййидларга ҳам баб баравар ибрат қилмасамми!! дер эди.
У эса иймонли мўъмин сифатида, улуғвор бир покизалик билан тағин:
“Аҳад… Аҳад.. ” дер эди..
Шунда унга ачинган киши ролини бажарувчи киши қабила ичидан чиқиб, юзларида қайғу аломати кўриниб, яна ўша “савдо”га қайтар, Умайяга қараб:
– Қўйсангчи, Умайя, мана мен ҳам Лот билан Уззога қасам ичиб айтаманки, бугундан бошлаб Билолни азобламайсан.. Нима, Билол бегонами? Ўзимиздан бўлса, онаси жорияларимиздан, чўриларимиздан бўлса.. Билол ҳам ўзининг мусулмон бўлиши билан Қурайш олдида бизнинг гапга қолиб, масхара бўлишимизни истамайдику, тўғрими? дерди.
Билол маккор, алдоқчи юзларга боқар экан, юзига табассум югуриб, оппоқ тишлари тонг нуридек ярқираб кетар, уларни жунбушга келдирадиган ўта хотиржамлик билан яна:
“Аҳад.. Аҳад” дер эди..
Тағин чошгоҳ вақти келиб, тағин туш пайти яқинлашар, Билол яна ўша қайноқ тошлар томон судраб олиб кетилар, ундан ҳеч бир садо чиқмай, улкан сабот ва тенгсиз матонат, сабр ила яна азобни қаршилар эди..
Бир кун улар олдига Абу Бакр бориб:
– Наҳотки “Раббим Оллоҳ” деган кишини ўлдирсаларингиз! дейдида, Умайяга ўгрилиб:
– Ма, нархидан ортиғини олиб, қўйиб юбор буни, кишанларини еч! дейди.
Умайя гўё чўкиб кетаётган кишига қутқарув кемаси келса қанчалик қувонса, шунчалик хурсанд бўлиб кетади.
Абу Бакрнинг бу таклифини эшитар экан ростдан ҳам юқоридаги ҳолатга тушган эди. Чунки, уларнинг Билолни бўйсундиришга умидлари заррача қолмаган, тижоратчи кишилар бўлганликларидан ўлиб қолгандан кўра бировга сотганимиз маъқул эди, деган фикрга бориб қолган эдилар.
Улар Абу Бакрга сотган заҳотиёқ уни озод қилди, Билол ҳам энди эркин, озод кишилар қаторидан ўрин олди.
У Билолнинг қўлтиғидан тутиб озодлик томон етаклар экан, Умайя унга қараб:
– Ол, ол, Лот билан Уззога қасамки, савдолашиб-савдолашиб, охири бир тангага оламан, деганингда ҳам сотиб юборардиме! деди.
Абу Бакр бу сўзлар замирида нималар яширинганини англаб етди, бу алам билан айтилган пичингга жавоб қайтармаса ҳам бўлар эди. Лекин ўз биродари бўлган, ҳозиргина қулликдан озодлик томон қадам қўйган кишининг ҳурмати қай даражада эканлигини билдириш учун Умайяга қарата шундай деди:
– Оллоҳга қасамки, юз тиллога бераман, деб турганингда ҳам иккиланмай тўлаган бўлар эдим!!
Шу гапларни айтар экан, дўстини етаклаб Росулуллоҳ томон унга ушбу севинчли хабарни етказиш учун ошиқди. Ушбу кун мусулмонлар учун байрамдек бир кун бўлди.
* * *
Росулуллоҳ ва мусулмонлар Мадинага ҳижрат қилишиб, у ерда жойлашганларидан сўнг, пайғамбар намозга азон айтишга буюрадилар..
Ҳар куни беш маҳал намозга чақириб, уфқлар оша такбирларию таҳлиллари тарқаладиган бахтли киши ким бўлса экан…?
Бу киши ҳазрати Билол бўладилар.. Ҳа.. Ўн уч йил илгари қийноқда қолиб қайноқ тошда азоб тортар экан: “Аҳад.. Аҳад.. Аллоҳ яккадир..” деб нола қилган зот бугун ўша Аллоҳ яккадир деб айтган ноласини “Аллоҳу акбар”, “Аллоҳ Буюкдир” ҳайқириғига улайдиган киши бўладилар..
Унга пайғамбар назари тушиб, ушбу муҳим вазифага лойиқ деб топилган эди..
У ўзининг соф, жарангдор, ёқимли, ширали овози билан юракларни иймонга тўлдириб, қулоқларга ажиб бир оҳанг инъом бағишлар эди:
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду ал лаа илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ.. (Муҳаммад унинг пайғамбари деб гувоҳлик бераман)
Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ.. (Муҳаммад унинг пайғамбари деб гувоҳлик бераман)
Ҳайя алас солааҳ.. (Намозга келинглар)
Ҳайя алас солааҳ.. (Намозга келинглар)
Ҳайя алал фалааҳ.. (Нажотга келинглар)
Ҳайя алал фалааҳ.. (Нажотга келинглар)
Аллоҳу Акбар.. Аллоҳу Акбар.. (Аллоҳ барчадан буюк)
Ла илааҳа иллаллоҳ.. (Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ)

* * *
Мусулмонлар билан Қурайш ўртасида уруш оёққа туради… Бўлиб ҳам анча кескин, ўша давр урушларига мос, бошлар сапчадек узиладиган, қўллар кесилиб, оёқлар қирқиладиган аёвсиз жанг бошланади.. Ўша жангда, Исломнинг аввалги ғазоти бўлмиш бадр жангида Билол ҳам қатнашиб, қаҳрамонларча жанг қилади..
Ушбу урушда Қурайш ўзининг энг аслзодаларини, жигарбандаларини урушга ташлаган, барча зодагонлар ўз ҳалокатли чоҳларига ўзлари қадам қўйган, ўз қабрлари томон ўзлари қадам босиб келган эдилар.
Билол хожаси бўлган, уни ваҳшийларча азоблаган Умайя ибн Халаф урушдан қолмоқчи бўлган, лекин уни бир воқеа урушга чор-ночор чиқишга мажбур қилган эди:
Яқин дўсти бўлган Уқба ибн Абу Муъайт унинг уришдан қолмоқчи бўлаётганини эшитиб қолиб қўлига атир-упалардан бири (аёллар ишлатадиган пардозлардан бири) ни олиб келиб, уни ва атрофида ўтирган қавмини ҳайрон қолдирганича Умайя олдига тап этиб ташладида:
– Ўўв Абу Али, мана шуни ишлатавер, энди сени эркак эмас, хотин десак ҳам бўлаверади, деди!!!
Умайянинг ўз қавми олдида қандай аҳволга тушганини сўрамай қўяверинг.. У аччиқ ва уятдан бир оқарган, бир кўкарган, бир қизарган, охирда қорайиб қулоғи шанғиллаб, тили ҳам калимага айланмай қолган эди.. Ва ниҳоят, бироз ўзига келиб:
– Олиб келган нарсанг ҳам қуриб кетсин… Ўзинг ҳам қуриб кет..!! дея олган эди..
Шундай қилиб оёғи тортмасада андиша ва уятнинг зўридан ночор урушга чиқди..
Тақдирнинг ажиб ўйинлари, сир-асрорлари, баланд-пастликлари борда…
Уқба ибн Абу Муъайтнинг ўзи Умайяни Билол ва Билол сингари бечораларни азоблашга ундар эди..
Бугун эса айнан шу Уқба Умайянинг ҳалокати бўладиган, ўзининг ҳаб қабристони ҳисобланмиш Бадрга чиқишга ундаб ўтирибди..
Уни юқоридагидек тезламаганда Умайя урушга бормаслиги турган гап эди.. Лекин.. Ҳикматли зот Аллоҳ амрини қилиб бўлган… Умайя чиқсин.. Зеро, у билан Оллоҳ бандаларидан бири орасида ҳали тугалланмаган бир масала бор.. Орани очиқ қилиш вақти етди.. Жазо бергувчи ҳаргиз ўлмагай.. Қандай нарса қилган бўлсанг ўшандай жавоб оласан.. Экканингни ўрасан..!!
Кечагина бегуноҳ бандаларни, ҳимоячиси йўқ бечораларни аёвсиз калтаклаб, қамчи ўйнатган Умайя бугун ўша бечоралардан бири қўлида, одам ўрнида кўрмайдиган бир киши зарбаси остида жон беради… Билол қўлида ўлим топади.. Яқиндагина ўша қўлларни занжирда тутиб, суғурилиб кетгунча судраган, қўл соҳибини мисли кўрилмаган азоблар билан қийноққа солган эди..
Уруш бошланиб қиличлар, камонлар, найзалар ишга кирган, атрофни қичқириқлару чанг тўзон тутиб кетган, кимлар ўлиб, кимлар ярадор бўлган эди.. Умайя ҳам қолган мушриклардан қолишмай мусулмонларга иложи борича кўпроқ талафот етказишга интилар, ҳаёт ширинлигини ҳар лаҳзада ёдлаб жон ҳолда қилич сермар эди.. Шу зайлда урушнинг ниҳоясини кута бошлади.. Уруш дами пасайиб бошлаган вақтда пайғамбар издошларидан бири, Умайяни яхши танийдиган, Умайя ҳам яхши биладиган Абдураҳмон ибн Авфни кўриб қолдию қувониб кетди.. Урушнинг мусулмонлар фойдасига ҳал бўлаётганини ўз кўзи билан кўриб турган Умайя жонини сақлаб қолиш умидида Абдураҳмоннинг қўлига асир бўлиб тушишни таклиф қилиб ундан илтимос қилди..
Абдураҳмон ҳам унинг бу ҳийласидан хабари йўқ “майли” деб кўнди.. Уруш ҳали давом этар, аввалги шиддатида бўлмаса ҳам, қиличлар ярқираши, камон ўқлари визиллаши, найзалар шувиллаши эшитилиб турар эди.. Йўлда кетишар экан, Умайяни Билол илғаб қолдида:
– Куфр боши Умайя ибн Халафми?!! Шу қутуладиган бўлса мен яшамай.. деганча қичқириб келиб, қилич сермаб доим кибр ва мақтанчоқлик ила бурни осмонда бўлган бошни сапчадек узиб ташламоқчи бўлди..
Шунда уни Абдураҳмон тўхтатар экан:
– Билол, ахир бу менинг асирим, деди.
Асир? Қанақасига асир бўлсин? Уруш ҳали тугагани йўқку.. Қанақасига асир бўлсин ахир.. Ҳозиргина мусулмонлар жасадларини тилка қилган қиличидан қон томиб турибдику..
Йўқ.. Бу Билол назарида мусулмонлар устидан, уларнинг ақллари устидан безбетларча кулиш эди.. Умайя Маккада етарлича кулиб, етарлича масхара қилиб олди..

Tags:

Leave a Reply