Гулшан аро (ёхуд Сахобалар хаёти бўйлаб) сайр. Билол ибн Рабох розияллоҳу анҳу. (3-қисм)

Йўқ.. Бу Билол назарида мусулмонлар устидан, уларнинг ақллари устидан безбетларча кулиш эди.. Умайя Маккада етарлича кулиб, етарлича масхара қилиб олди.. Шунчалик кулдики, бугунги кун учун, ҳозирги аянчли ҳоли учун кулиш қолмади, кулиш планини бажариб бўлди..!
Билол дўсти Абдурраҳмон ибн Авф ҳимоясини бир ўзи ёриб ўтолмаслигини кўриб бор овозида бақирди:
– Эй Оллоҳ ансорлари!! Куфр боши Умайя ибн Халаф!! Шу қутуладиган бўлса мен яшамай..!!
Шунда бир гуруҳ мусулмонлар қилич яланғочлаб, Умайя ва унинг ўғлини – ўғли ҳам қурайш кофирлари сафида эди – ўраб олдилар, ўлим гирдоби уларни ўз оғушига олган эди.. Абдураҳмон ҳеч нарса қила олмай қолди..

* * *
Ушбу мақомда Билолдаги раҳмдиллик, шафқат сифатларини излашга ҳақимиз йўқ бўлса керак деб ўйлайман.. Бордию Билол билан Умайя ўртасидаги учрашув ўзгача шароит, ўзгача ҳолатда рўй берганида балки Билолдан раҳм-шафқатни сўрашимиз дуруст бўлар эди.. Иймонида, тақвосида бунчалик бўлган киши бахиллик қилмаган бўлар эди.. Лекин улар уруш ичида кўришдилар, бир-бирларини йўқ қилиш учун келган майдонда учрашдилар.. Қиличлар ўйнаётган, ўликлар тутдек тўкилаётган, одамлар бошида ўлим шарпаси айланиб юрган вақт эди.. Шунда шундоққина рўпарасида бир маҳаллар баданида бир энлик ҳам жой қолдирмасдан азоб берган Умайя чиқиб қолади..
Ўзиям қаерда ва қай ҳолда учратиб қолади?
Уруш майдонида, қаршисида учраган мусулмон бошини сапчадек узиб турган ерда учратди, бордию Билол ҳам учраганда унинг ҳам бошини танасидан жудо қилишга киришган бўлар эди..
Ана шундай пайтда учрашиб қолган Билолдан: кечириб қўяверсангиз бўлармиди, деб сўрашимиз адолатдан, мантиқдан бўлмаса керак..

* * *

Кунлар ўтиб, Макка фатҳ қилинадиган пайт ҳам етиб келади..
Росулуллоҳ 10 000 мусулмон ичида Оллоҳга шукроналар қилиб, такбир айтган ҳолда кириб келадилар, тўғри Каъба томон йўл оладилар… Қурайш йил кунлари сонича бутларни тиқиб ташлаган ушбу покиза маконга етиб келадилар..
Ҳа… Ҳақ келиб, ботил гум бўладиган вақт етиб келган эди..
Бугундан бошлаб энди Уззо ҳам, Лот ҳам, Ҳубал ҳам бўлмайди.. Бугундан бошлаб инсон ўзининг мағрур бошини тошга ҳам, ҳайкалга ҳам эгмайди.. Энди инсонлар бутун қалблари билан фақат Оллоҳга, ўхшаши йўқ бўлган, яккаю ягона, энг буюк, энг олий зотгагина ибодат қиладилар…
Пайғамбар Каъбага ўзлари билан бирга Билолни ҳам бошлаб кирадилар.. Киришлари билан чўплар орқали фол очиб турган шаклдаги араблар Иброҳим алайҳиссалом рамзи деб атайдиган бутга рўпара келиб, ғазабга миндиларда: “Ўлиб кетишсин.. Бобомиз фол очмас эдилар.. Иброҳим яҳудий ҳам, насроний ҳам эмас, балки ҳаққа мойил мусулмон эди, мушриклардан эмасди” дейдилар..
Билолга масжид томига чиқиб азон айтишни буюрадилар..
Билол азон айта бошлайди.. Бу ширин азон энг муқаддас макон, улуғ бир пайтда, ажойиб бир муносабатда айтилмоқда эди..
Азонни эшитиб Маккада ҳаёт гўё ҳаракатдан тўхтаган эди.. Минглаб мусулмонлар азонни Билол кетидан хушуъ билан пичирлаганча тин олган эдилар..
Мушриклар эса уйларида ишонгилари келмас:
Кечагина бу ерлардан ҳайдаб юборилган Муҳаммад ва унинг қашшоқ издошлари шулармия..??
Ўн минг кишини эргаштириб келгани ростмия…
Қувиб, ҳайдаб, уруш қилиб, энг азиз ва қадрдон кишисини ўлдирганимиз Муҳаммад шуми..

Ўша вақтда Каъба ҳовлисига яқин ерда қурайш зодагонларидан учтаси ўтирар, булар эндигина мусулмон бўлган Абу Суфён, ҳали мусулмон бўлмаган Аттоб ибн Усайд ҳамда Ҳорис ибн Ҳишом эди…
Аттоб азон айтаётган Билолдан кўзини узмай:
– Бу кўргуликларни кўрмай кетган Усайднинг (ўлиб кетган отасини назарда тутмоқда) омади бор экан… деди..
Ҳорис эса:
– Мен эса, Худо ҳақи, Муҳаммаднинг ҳақлигини билганимда эргашган бўлардим, деб қўйди..
Абу Суфён бўлса:
Мен ҳеч нарса демайман, гапирсам мана шу майда тош еткизса керак!! деди.
Пайғамбар Каъбадан келар экан уларни кўриб, юзларига бирров назар ташлаб, кўзлари Оллоҳ нури ҳамда ғалаба нашидаси ила порлар экан:
– Айтган нарсаларингизни билдим.. дедилар, ораларида бўлган суҳбатни айтиб бердилар.
Шунда Ҳорис билан Аттоб йиғию зори қилганича:
– Оллоҳнинг пайғамбари эканлигингизга гувоҳлик берамиз, Худо ҳақи, атрофимизда бирор киши йўқ эдики, сизга хабар берди, деб ўйласак!! дейишди..
Энди улар Билолни бошқача, янги қалблар ила қаршилар эканлар, салгина илгарироқ, пайғамбар Маккага кирган вақтда айтган муборак сўзлар акс-садоси қулоқларида янграр эди:
– Эй Қурайш жамоаси… Оллоҳ таоло сизлардан жоҳилият кибрини, ота-боболар билан гердайишни кеткизди… Инсонлар барчаси Одам (а.с)дан… Одам эса тупроқдан эди…

* * *

Билол Росулуллоҳ билан барча ғазавотларда қатнашиб, намозларда азон айтиб, уни зулматдан нурга олиб чиққан, қулликдан озодлик сари элтган ушбу буюк динга ҳар томондан ёрдам бериб, ҳимоя қилиб яшади..
Яшар экан, Ислом шаъни улуғланиб, мусулмонлар шони ўсиб борди.. Ўз амаллари ила Росулуллоҳ қалбига қанчалик яқин бўлиб, у зотдан олқиш, “жаннат аҳлларидан бири” деган улуғ сўзни эшитишига қарамай, ўша ўша Билол бўлиб, кишилар учун ҳеч нарсани аямайдиган, камсуқум Билол бўлиб қолаверди, ўзини “кечагина қул бўлиб юрган одам” дейишдан нарига ўтмади..

* * *

Росулуллоҳ Оллоҳ ҳузурига барча нарсадан кўнгиллари тўқ, хурсанд ҳолда йўл олдилар, омонатларини топширдилар.. Ортидан мусулмонлар ишини халифалари – ўринбосарлари Абу Бакр бошқара бошлади..
Бир куни Билол пайғамбар халифаси олдига кириб:
– Эй пайғамбар халифаси, мен Росулуллоҳнинг “Мўмин амалининг энг афзали жиҳоддир” деётганларини эшитдим, деди.
– Нима истайсиз, эй Билол?
– Ўлгунимга қадар Оллоҳ йўлида рибот* қилмоқни хоҳладим..
– Бизга ким азон айтиб туради?
Шунда Билол кўзи жикка ёшга тўлиб, юзига оқар экан, деди:
– Росулуллоҳдан кейин ҳеч кимга азон айтиб бермоқчи эмасман..
– Қолинг, биз учун ҳам айтиб туринг..
– Сизники бўлишим учун мени озод қилган бўлсангиз, майли, сиз айтгандай бўлсин… Лекин Оллоҳ учун озод қилган бўлсангиз, менинг ўзимга қўйиб беринг…
– Балки, Оллоҳ учун озод қилганман, эй Билол…
Шу ерда ровийлардан икки хил ривоят келган… Баъзилар Билол Шомга сафар қилиб, ўша ерда жиҳодда, риботда қолган дейишса, баъзилар Абу Бакр илтимосига кўра охири Мадинада қолишга рози бўлган, Абу Бакр вафотидан кейин Умар халифаликка ўтирганда рухсат сўраб, Шомга жўнаб кетган, дейишади…
Нима бўлганда ҳам, Билол қолган умрини Ислом ҳудудларидан бирида жанговар ҳимояда туриш учун ўтказишга азм қилган, Оллоҳ ва Расулига улар хуш кўрадиган энг яхши амал билан рўпара бўлишга қатъий қарор қилган эди..
Энди у ўзининг ширин, ширали, салобатли овозини кўтариб азон айтишдан тўхтаган эди.. Чунки азонида “ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” – “Муҳаммад Оллоҳ пайғамбари, деб гувоҳлик бераман” ни айта бошлаши билан томоғига бир нарса келиб тиқилар, бурунги хотиралар қўзғалиб кетиб, ич-ичидан келган ҳиқиллаш олдида овози қирқилиб қолар, сўзлар давомини кўзидан селдек оқаётган кўз ёшлари айтар эди…
Унинг охирги азони амирул муъминин Умар Шом диёрига борганида бўлган эди.. Ўшанда Умарга ялинишиб, Билолнинг бир мартагина азон айтиб беришини сўраб беришини илтимос қилишган эди..
Намоз вақти етиб келгач, амирул муъминин Билолни чақириб ундан азон айтиб беришни илтимос қилди..
Билол чиқиб азон айтди… Ўзи ҳам йиғлади, саҳобаларни ҳам, Росулуллоҳ вақтида Билол азонини эшитиб юрган саҳобаларни ҳам йиғлатди.. Тўлиб-тошиб, сел бўлиб йиғладилар… Умар ҳаммадан кўра кўпроқ йиғлар эди..

* * *

Билол ўзи хоҳлаганидек, Шомда, Оллоҳ йўлида риботда турган ҳолда вафот этди..
Ҳозирда, Дамашқ тупроғи тагида эътиқод ва виждон эркинлигини ҳимоя қилган, башарият улуғларидан бирининг жасади ётибди..
=================
* Рибот – Ислом ва мусулмонларни ҳимоя қилиш учун жанговор ҳолда қўриқчиликда туриш.

Tags: ,

Leave a Reply