Салмон Форсий розияллоҳу анҳу. (2-чи қисм)

Унинг қўлида Бани Қурайзадаги хурмозорда ишлаб юравердим.. Бу орада Оллоҳ таоло ўз пайғамбарини юбориб, у киши орадан ўн йил ўтгач Мадинага келиб тушибдилар, Қубодаги бани Амр ибн Авф қабиласига келиб қўноқ бўлибдилар..
Бир куни мен хурмо устида ишлаб турар, хўжайиним хурмо тагида сояда дам олиб ўтирар эди, тўсатдан амакиваччаларидан бири келиб қолдида, унга қараб: Эээ ўлиб кетсин шу Бани Қайла (ансорийларни яҳудлар шу ном билан атар эдилар), ҳозир улар Маккадан келиб, ўзини пайғамбар деб атаётган кишининг атрофига аридек ёпишиб олишган, деб қолса бўладими!
Худо ҳақи, шу гапни тугатмасданоқ бирдан баданимда титроқ турди, хурмо дарахти ҳам қалқиб кетгандек бўлди, хўжайиним устига гупиллаб тушишимга бир баҳя қолди! Хурмодан тезда тушар эканман, ҳалиги амакиваччасига қараб: Нима дединг? Нима гап? дедим шоша-пиша.
Хўжайиним аччиғи чиқиб кетиб қўлини кўтардида, қарсиллатиб тарсак тортивориб: Сенинг нима ишинг бор?! Бор, ишингга қараее!! деб жеркиб берди.
Ночор ишимга кетдим.. Кеч киргач, ўзимдаги бор таомни йиғиштириб Қубога, Росулуллоҳ олдига бордим.. Кирсам, атрофида бир нечта издошлари-асҳоблари ўтирган экан.. Унга қараб: Сизлар эҳтиёжманд, мусофир одамсизлар, менда садақа учун атаб қўйган таом бор эди, менга сизларнинг келганингиз айтиб берилганда бу таомга сизлардан кўра ҳақлироқ кишини топмай, шу ерга олиб келдим, дедимда, таомни қўйдим.. Росулуллоҳ асҳобларга: Бисмиллаҳ, олинглар, дедилар, ўзлари қўл узатмадилар.. Шунда ўзимга ўзим дедим: Мана биттаси! Садақа емайди!
Кейин қайтиб келдим, эртаси куни яна қўлимга таом кўтариб Росулуллоҳ ҳузурига кириб бордим, у зотга: Сизнинг кеча садақа емаслигингизни кўрдим.. Бугун ҳурматингизга ушбу таомни ҳадя сифатида олиб келувдим, дея олдиларига қўйдим. Асҳобларига қараб: Келинглар, бисмиллаҳ, дедиларда, ўзлари ҳам таомга қўл чўздилар. Мен ўзимга ўзим: Мана иккинчиси! Ҳадяни ейди! дедим. Кейин қайтиб кетдим.. Орадан бир неча кун ўтди.. Фурсат топиб яна қайтиб бордим, қарасам, Росулуллоҳ атрофида асҳоблари билан бир жаноза ортидан бориб Бақеъ қабристонига киришган экан, эгнига икки матони кийим қилиб, бирини елкадан ошириб ридо, иккинчисини эса пастга ўраб, изор қилиб олган эдилар. Бориб салом бердимда, бурилиб елкаларидаги муҳри нубувватни (пайғамбарлик муҳрини) кўриш учун орқаларига ўтдим.. Менинг нима хоҳлаётганимни билиб, ридоларини елкаларидан пастга эндирдилар.. Қарасам, соҳибим менга васф этган айни муҳр кураклари ўртасида турар эди!!
Мен йиғлаганча ўзимни отиб, ўпа бошладим.. Росулуллоҳ мени чақириб, рўпараларига ўтирғиздилар, ҳол-аҳвол сўрдилар, ҳозир сизларга ҳикоя қилиб бергандек у кишига ҳам бошдан кечирганларимни айтиб бердим.
Кейин Мусулмон бўлдим.. Қуллик менинг Бадр ва Уҳуд ғазотида қатнашишимга тўғаноқ бўлди.. У муборак жангларда қатнашолмадим..
Кунлардан бир куни Росулуллоҳ : хўжайинингга бор, ўзингни сотиб олишга у билан келиш, дедилар. У билан ўзимни қудуқ суви ёрдамида уч юз хурмо дарахти ўстириб бериш ва 40 уқийя (1 уқийя қарийб 40 грамм) тилла эвазига озод қилиб олишга келишдим. Росулуллоҳ асҳобларига: биродарларингга ёрдам беринглар, деб буюрдилар. Улар баъзилари 30 кўчат, баъзилари 20, баъзилари 15тадан олиб келиб бердилар, жами 300 кўчат тўпладик. Шунда Росулуллоҳ : Салмон, бор, кўчатларни экишга ер ковла, ковлаб бўлгач, олдимга кел, кўчатларни ўзим ўтқазаман, дедилар. Мен 300 туп кўчатга ер ковлаб бўлиб, олдиларига келдим.. Бирга чиқдик, мен у кишига кўчат узатиб турдим, муборак қўллари ила ўтқазавердилар. Салмон жони қўлида бўлган Зотга қасамки, ўша 300 тупдан биттаси ҳам қуриб қолмади!! Ҳаммаси кўкариб кетди..
Энди мен хурмодан қутулган, бўйнимда тиллалар қолган эди.. Бир куни Росулуллоҳ га баъзи ғазавотлардан товуқ тухумидек тилла ўлжага тушди.. Шунда у зот: хўжайидан ўзини сотиб олишга келишган форсий қани? Дебдилар.. Мени чақиришди. Бордим, менга: мана буни олиб, бўйнингдаги тиллангни уз, дедилар. Мен: Эй Росулуллоҳ, бўйнимдаги тиллалар олдида бу нима бўларди, дедим.. У киши: Ол, Оллоҳ шу билан бўйнингдагини узади, дедилар. Олдим. Уларга ушбу тилладан 40 уқийяни тортиб бердим!! Ҳамда озод бўлдим, хандақ ғазотида Росулуллоҳ билан бирга озод ҳолда қатнашдим. Шундан сўнг бирор ғазотдан қолмадим.

Tags:

Leave a Reply