(охири)
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илк элчиси ўз вазифасини аъло даражада уддалаган эди..
Кунлар кетидан ойлар, ойлар кетидан йиллар ўтади.. Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Мадинага ҳижрат қиладилар.. Қурайш ўз ёғига қовурилиб, адоватдан ич-этини еб, Оллоҳнинг солиҳ бандалари ортидан ҳақсиз таъқибини тўхтатмай ўз ботилини чархлагани чархлаган эди.. Бадр ғазоти келиб бор ҳушларини ҳам бошларидан учирадиган мағлубиятга учрайдилар.. Бу мағлубият аччиғида ўч олмоқ ҳиссида ёнадилар.. Уҳуд жанги келади.. Мусулмонлар жангга шайланадилар.. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мўъмин юзларга диққат билан нигоҳ қадар эканлар, улар орасидан байроқ кўтарувчиликка лойиқ яловбардорни танлайдилар.. Мусъабни чақирадилар.. Мусъаб келиб байроқни қўлга олади..
Даҳшатли уруш бошланиб, жанг қизигандан қизийди.. Мерганлар мушрикларнинг мағлуб ҳолда чекинаётганликларини кўриб, пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам буйруқларига хилоф равишда тоғ чўққисидаги ерларини тарк этадилар.. Уларнинг қилган ушбу қилмишлари мусулмонларнинг ғалабасини кўз очиб юмгунча мағлубиятга айлантиради.. Қарасалар, айни ўша тоғ ортидан қурайш чавандозлари мусулмонларни ғафлатда қолдириб, улар устидан ўзларининг мажнун, қонга чанқоқ қиличларини ишга солиб келмоқдалар..
Мусулмонларнинг қўрқув ва саросимада қолганлигини кўриб, пайтдан фойдаланган мушриклар Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш учун У зотга бор эътиборларини қаратадилар.. Ана шунда Мусъаб ибн Умайр ғаддор хатар келаётганини сезади.. Сезадида арслонлардек ўкириб такбир айтади… Жанг майдонида жавлон уриб, ҳар тарафга ташлана бошлайди.. Бор қайғуси – душманларни ўзига қаратиб, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан узоқлаштириш эди.. Дарҳақиқат, бутун бошли бир армиядек якка ўзи уриша бошлайди.. Бир қўл байроқни маҳкам тутган, яна бири эса қилич бирла шиддат-ла урар эди… Лекин кўпчилик барибир кўпчиликда.. Кўпайишиб, унинг жасади устидан ўтиш, пайғамбарга етишни истайдилар..
Келинг, шу ўринда воқеани яқиндан билган кишига қулоқ тутайлик, улуғ Мусъаб ҳаётининг шонли ниҳоясини бизга ҳикоя қилиб берсин!
Ибн Саъд Муҳаммад ибн Шураҳбил деган кишидан ҳикоя қилади, у шундай дейди:
Уҳуд куни байроқни Мусъаб ибн Умайр кўтарди.. Мусулмонлар саросимага тушиб қолганда Мусъаб байроқни қўлдан бермай сабот ила турди.. Шунда мушриклардан ибн Қамиа номли чавандоз келиб, ўнг қўлига қилич сермадида, билагидан узиб юборди… Мусъаб шошиб байроқни чап қўли ила олар экан: وما محمد الا رسول قد خلت من قبله الرسل.. (Муҳаммад пайғамбардан бўлак киши эмас, ундан илгари ҳам пайғамбарлар ўтган), деган оятни такрор такрор айтар эди.. Ибн Қамиа яна бир қилич уриш билан унинг чап қўлини ҳам узиб ташлади.. Шунда Мусъаб байроққа эгилиб қон отилиб чиқаётган икки билаги ила тутдида, тушиб кетмаслик учун бағрига босди.. Ибн Қамиа учинчи бор уна найза билан ҳамла қилиб унга бор кучи билан найза санчди.. Шу пайтга қадар матонат билан турган муборак тана ноилож йиқилди.. Байроқ ҳам тушиб кетди..
Аллоҳу акбар!
Тана йиқилди.. Байроқ тушиб кетди..
Шаҳидликка зийнат бўлган, шаҳидлар юлдузи бўлган киши қулади..
Фидойилик ва иймон жангида ўзини кўрсатган қаҳрамон уруш майдонида ҳам қаҳрамонларча қулади..
У қулаб тушса, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам учун қотилларга йўл очилиб қолади деб гумон қилар, у кишига бўлган чексиз муҳаббати сабаб, пайғамбар ҳаётига қаттиқ қўрққанлигидан ўз ҳаёти тамоман эсидан чиқиб ушбу оят: Муҳаммад сизларга пайғамбардан бўлак киши эмас, мазмунидаги сўзни такрорлар эди… Билмас эдики, яқин келажакда Оллоҳ унинг ушбу сўзларини қиёматга қадар тиловат қилинадиган оят қилиб нозил қилади…
***
Аянчли жанг ниҳоясига етиб, бу улуғ шаҳиднинг муборак танини покиза қонларига беланиб, юзи тупроққа қоришиб ётган ҳолда топдилар..
Гўё танаси совиб, жонсиз жусса бўлиб ётганда ҳам Росулуллоҳга бирор ёмонлик етишини кўрмайин, дегандек юзини тупроқ ортига бекитган эди..!
Ёки ҳали Росулуллоҳнинг аҳволи нима бўлганлигини, қутилиб қолдиларми йўқми, билмай, ўз вазифамни охиргача уддалай олмадимда, деб истиҳола қилгандек ётарди..!
Ҳеҳ Мусъаб ҳазратларией! Сизни эслаш, сизнинг ёдингиз ҳаётни райҳон ҳидига тўлдирадиган бўлди!!
***
Пайғамбар ва асҳоблари жангоҳни айланиб, шаҳидлар билан видолашгали келдилар..
Мусъабнинг жасадини топганларида дарёдек вафоли кўз-ёшлар тўкдилар..
Хаббоб ибн Аратт шундай дейдилар:
Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Оллоҳ йўлида Унинг розилиги учун ҳижрат қилдик.. Ажримиз Оллоҳга қолди… Орамизда дунёда ажридан бирор нарсасини олмай, ҳеч нарса емай кетганлар бўлди.. Мусъаб ана ўшалардан эди.. Уҳуд кунида ўлдирилганда унга кафан бўларлик ҳеч нарса топилмади.. Фақат эски бир яктак топдик.. Бошини ёпсак, оёғи очилиб қолар, оёғига тортсак, боши кўриниб қолар эди.. Шунда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: Бошини ёпинглар, оёғига изхирдан (бу шакли исириққа ўхшаб кетадиган хушбўй ўсимлик) қўйинглар, дедилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг мушриклар томонидан жасадлари мусла қилиниб, аччиқ кўз-ёшлари тўккан, юраклари оғриган бўлишларига, ҳар бири олам-олам поклик, нур, содиқлик ила тўлиб тошган шаҳид дўстлари, саҳобалари жасадлари бирла жангоҳ тўлганига қарамай, илк элчилари жасади устида видолашиб тўхтадилар..
Ҳа… Пайғамбар Мусъаб ибн Умайр тепасида турар эканлар, уни нур, меҳр, вафога тўла кўз ила кузатдилар.. (Мўъминлар ичида Оллоҳга аҳд берган нарсалари устидан чиққанлар бор..)
Кейин кафан қилинган эски яктакка ғамгин нигоҳ билан қарар эканлар:
– Маккада сендан кўра юмшоқ кийим кийган, сендан кўра кўркам сочли ҳеч ким йўқ эди, энди эса бир эски кийимда сочинг тўзиб ётибди.. дедилар..
Пайғамбар жангоҳ ичида ётган, жангда қаҳрамонларча қулаган асҳобларига мушфиқ назар билан қарар эканлар, ушбу сўзларни айтдилар:
– Оллоҳ пайғамбари Оллоҳ ҳузурида сизларнинг шаҳид эканлигингизга гувоҳлик беради..
Oдамлар! Келиб, буларни зиёрат қилинглар, буларга салом беринглар..
Мусъаб ҳазратлари, сизга Оллоҳнинг саломи бўлсин..
Эй шаҳидлар жамоаси, сизларга Оллоҳнинг саломи бўлсин.
Сизларга Оллоҳнинг саломи, раҳмати, баракоти бўлсин..
Tags: Mus'ab ibn Umayr