Гулшан аро (ёхуд Саҳобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (1-қисм)

Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу


Саҳобалар ҳаёти номли ушбу гулшанлар мажмуасида биридан иккинчисига ўтиб, бир боғдан иккинчи бир гўзал боққа кўчар эканмиз, уларнинг ҳар биридан янги бир шуур, янги ҳиссиёт билан чиқиб, ўзгача ҳаловат, ўзгача тароватни туйиб қайтамиз.. бугун ҳам ўша гулшанлардан бир боққа разм солиб, ундаги ифорлардан маст бўлиб, тотли меваларидан тановул қилмоқчи бўлсангиз эътибор билан ўқимоғингиз, вужудингиз ила ҳикоя ичида бўлмоғингиз мақсадга мувофиқ бўлади..

Бугунги ҳикоямиз оллоҳнинг шери, шаҳидлар саййиди ҳақида..

Макка шаҳри кундузи билан ўтган чопа-чоп, ҳаракат, маросимлар, ўйин-кулгулардан сўнг ғарқ уйқуда, қурайшликлар барчаси тўшакларида хуррак отмоқдалар… фақат бир киши эрта ётиб бироз уйқу олганидан сўнг ўрнидан турган, елкаси тўшакка ошналигини бас этган.. зеро, оллоҳ билан ваъдалашган вақти етиб келган бўлиб, шу сабаб ҳужрасидаги жойнамоз устига ўтган, раббига муножот ва илтижолар қила бошлаган эди.. аёли унинг юрагидан ҳар дардли оҳлар, илтижо ва ёлворишлар чиққанида уйғониб, аҳволини кўриб раҳми келар, ўзига эҳтиёт бўлиб, мизғиб олишга чақирса, сўзларидан бурун ёш тўла кўзлари жавоб берар эди:
– Энди уйқу пайти ўтди, эй Хадича…!!
У зотнинг иши ҳали Қурайшни унча қизиқтириб улгурмаган, ҳали ташвишга солган эмас, гарчи у ер-бу ерда у-бу гап чиқиб қолсада, унчалик эътибор қиларли даражага етиб бормаган, эндигина даъватни бошлаб, бекитиқча, билдирмасдан оллоҳга чақириб юрган вақтлар эди.. у пайтларда иймонга келганлар жуда кам, бармоқ ила санарли…
иймонга ҳали келмаганлар орасида у кишини жуда қадрлайдиган, дилдан севадиган, у зотга иймон келтиришга жуда-жуда иштиёқманд бўлган, муборак иймон карвонига қўшилишни қўмсаган бир киши бор бўлиб, ўша пайтларда катта кучга эга бўлган мавжуд урф-одат, ота-боболар удуми елкасидан тоғдек босиб, иймонга келишдан тўсиб турар, бинобарин, отаётган тонг билан, ботаётган оқшомдан қай бирини танлашга йўл қўймай келаётган эди..
Ушбу киши пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг амакилари, эмикдош акаси Ҳамза ибн абдулмутталиб разияллоҳу анҳу бўладилар..

* * *

Ҳамза жиянининг улуғлиги, етуклигини яхши билар, унинг гўзал хислатларидан хабардор киши эди.. чунки у жиянини фақат амаки ўз жиянини таниганидек билибгина эмас, балки ўз укасидек, яқин дўсти сифатида танир эди.. зеро пайғамбар ила Ҳамза тенгқур, ёшлари бир-бирига яқин бўлиб, бирга ўсган, бирга ўйнаган, бирга дўстлашган, ҳаёт ташвишлари бошланиб, тирикчилик тўрваси елкага тушгунга қадар бирга юрган кишилар эди..
Ҳа.. Ҳаёт ташвишлари бошланиб, ҳар бири ўз йўлига кетган, Ҳамза ўз тенгдошлари билан ҳаёт лаззатларидан баҳра олишга, Қурайш зодагонлари, раҳбарлари ичида ўз ўрнини эгаллашга киришган бўлса, муҳаммад а.с. ўша ҳаёт ўнқир-чўнқирларида тенгдошларидек енгил-елпи ҳаётга берилмаган, покиза руҳлари ўша пайтданоқ унга оллоҳ йўлини ёрита бошлаган, қалблари ҳаёт шовқинидан узоқда чуқур тафаккурга киришган, гўё келажакда келадиган буюк ҳақиқатга бу ҳолат уни тайёрламоқда эди..
юқорида айтганимиздек, бу икки дўстнинг ҳаёти алоҳида-алоҳида бўлиб кетган бўлсада, Ҳамзанинг ёдидан бир лаҳза ҳам ўз жияни, яқин дўстининг фазилатлари кетган эмас эди…
ўша куни эрталаб Ҳамза одати бўйича кўчага отланди..
каъба атрофида Қурайш зодагонлари, оқсуякларидан бир нечтасини кўриб, улар суҳбатига қўшилди.. улар муҳаммад ҳақида сўзлашмоқда эдилар..
Ҳамза уларнинг илк бор бу ишдан ташвишга тушаётганларини, сўзлари оҳангида кўролмаслик, адоват, алам борлигини кўрди..
илгари парво қилмас эдиларми, ёки ўзларини бепарво кўрсатар эдиларми, ҳарқалай, бугунгидек ҳолат бўлмас эди.. бугун эса улар юзини ташвиш, хавотир эгаллаган, муҳаммад улар олдига келса, ҳамла қилишдан ҳам тоймайдигандек кўринардилар..
Ҳамза уларнинг бу ҳолатидан узоқ кулиб, зодагонларни муболаға қилишда, воқеани бўрттириб юбораётганликда айблади..
абу жаҳл бўлса, Ҳамзани кўрсатиб, ўтирганларга унинг муҳаммад даъват этаётган нарсанинг хатарини ҳаммадан кўра яхшироқ билиб турсада, барибир, ишни хаспўшлаётганини, Қурайш лаллайиб ухлаб, бир кун кўз очиб қараса, жияни Қурайш тепасига чиқиб олган бўлиши мумкинлигини ҳам сезиб турганлигини зўр бериб таъкидлар эди ..
улар ҳеч шаштларидан тушмаган, ўша алам, ғазабда сўзларини давом эттиришар, Ҳамза бўлса бир табассум қилиб, бир дили оғрир, ўтириш тугаб, барча ўз йўлига кетгач, бўлиб ўтган суҳбатдан боши лўқиллаб, чуқур ўйга ботган, турли хаёллар уни тинч қўймас, жияни ва дўстининг ишини ўзича турли томондан таҳлил қилар эди…

* * *

Кунлар кетидан кунлар қувиб ўтар, ҳар бир кун ўтиши билан Қурайшнинг муҳаммад ҳақидаги минғир-минғири кўпайиб бориб, улар охири у кишига тегина бошлаган, Ҳамза эса бу ҳолни узоқдан кузатишда давом этар эди..
жиянининг сабот, матонати уни ҳайратга солар, иймон йўлида, даъват йўлида барча нарсага тайёр туриши Қурайшнинг барчаси учун – улар қанчалик матонат ва сабрда донғи кетган бўлсаларда – янгилик эди..
бордию ўша пайтларда шак-шубҳалар бирор кишини ушбу пайғамбарнинг тўғрилиги, буюк табиати ҳақида иккиланишга мажбур қила оладиган қудратга эга бўлганида ҳам Ҳамзага таъсир кучини ўтказа олмаган бўлар эди.. зеро, муҳаммадни маъсум гўдаклик чоғидан… покиза ўсмирлик пайтига довур… омонатли, улуғвор йигитлик вақтига қадар энг яхши биладиган киши ҳам шу Ҳамза эди..
У жиянини ўзини билгандек, балки – таъбир жоиз бўлса – ўзини танигандан кўра ҳам яхшироқ биларди… Ҳаётга келиб, бирга ўсгандан бошлаб, бирга овоз дўриллаб, йигитлик чоғига етдилар… кишиларнинг энг етилган даври бўлмиш қирқ ёшга ўтдилар… ушбу дамларнинг барчасида муҳаммад ҳаётининг ҳар бир куни қуёшнинг заррин нурлари каби топ-тоза, покиза бўлиб келди…!! ушбу ҳаётга озгина раҳна солгудек, ушбу нурга заррача бўлсада соя солгудек бирор шубҳали нарса бўлганини эслай олмайди.. унинг бирор кун бўлсада, бирор лаҳза бўлсада, ғазабга минганини, ёки икки қўли шалвираб ноумид ҳолга тушганини, ёхуд ўйин-кулгуга берилиб енгилтаклик қилганини, ёинки талвасага тушиб, беқарор бўлганини хотирлай олмайди…
Ҳамза жисмоний жиҳатдан кучли, полвон кишигина бўлиб қолмай, оллоҳ уни ўткир ақл ҳамда кучли ирода билан ҳам сийлаган киши эди… бинобарин, шунчалик тўғрилик, шунчалик омонатни ўз дўстида билган Ҳамзадек оқил киши унга эргашмасдан қолмаслиги табиий бир ҳол эди… дўсти ҳақида юрагининг туб-тубида сақланган бир гап яқин кунларда унинг қалбидан тошиб, атрофга таралмоғи шубҳасиз эди…

* * *

Tags: ,

Leave a Reply