Гулшан (ёхуд Саҳобалар хаёти) бўйлаб сайр.(Кириш сўзи ўрнида)


Хушбўй ҳидлар хамма ёқни тутиб, уфуриб ётган гўзал боғда сайр этганмисиз? Боғда ўсган турли гулларни ҳидлаб, майин насим олиб келаётган бурун қитиқловчи гуллар ифорига маст бўлиб, гулларнинг қай бирини биринчи бўлиб ҳидлашни билолмай, ўртада лолу ҳайрон бўлганмисиз? Боғ аро шилдираб, симобдек товланиб оқаётган кумуш янглиғ соф ва мусаффо сувларидан симирганмисиз? Боғдаги қанду асал анвои нозу неъматлардан татиб кўриб, тами оғзингизда қолиб, неча кунлар ўша там келармикин, деб тамшаниб, ютуниб қолган пайтларингиз бўлганми?

Бутун олам Хожаси томонидан индирилган пайғамбарлар сарвари ва сардори бўлмиш ҳазрат Муҳаммад Мустафо صلى الله عليه و سلم атрофидаги ихлосда тенги йўқ, фидоиликда барчага ўрнак бўлган, шижоату матонатда ўзгаларни лол қолдирган, эҳсону саховатда тилларда достон бўлган, қўйингки, барча эзгу амалларда ўзгаларга ўрнак бўлган улуғ саҳобаларнинг ҳар бирининг ҳаёти ҳам юқорида васфи келгандек товланаётган гулшандир, балки унданда гўзалдир..

Ўша гулшанларда сайр этиб, қанду новотдан ширин меваларидан тановул қилиб, зилол сувларидан симирмоқчи, гуллар ифорига маст бўлмоқчи бўлсангиз, пайғамбар издошлари бўлган, саодат асрида яшаб ўтган саҳобалар ҳаёт гулшанлари бўйлаб сайрга чиқинг.. Аминманки, ақл неъматидан Оллох таоло инъом этган экан, сиз ҳам ушбу сайр давомида зинхор бебахра қолмайсиз.. Дарҳақиқат, саҳобаларнинг нурли ҳаётидан иқтибос олиб, ҳаётига кўчирган инсон жуда бахтли инсондир…

Парвардигор барчамизни ўша намунали ҳаётлардан ибрат олишга, гўзал сийратлардан ўрнак олишга муваффақ қилсин..

Шокирбек Камол

Tags: ,

Leave a Reply