Гулшан аро (ёхуд Саҳобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Салмон Форсий розияллоҳу анҳу.(1-чи қисм)

Салмон форсий розияллоҳу анҳу.
Ҳақиқат излаб
Холид Мухаммад Холид

Арабчадан эркин таржима

Бу сафар қаҳрамон форс диёридан келади..
Форс диёридан кейинчалик кўпгина кишилар мусулмон бўлиб, иймонда,
илмда, дину дунёда етиб бўлмас юксакликларга кўтарилдилар..
Лекин биз ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган қаҳрамонимиз қиссаси ўзгача..
Ҳақиқат излашда ўзгаларга намуна бўлиб кўрсатишга арзийдиган қисса бу..

Мана, Мадоин шаҳридаги қуюқ дарахтлар соясида ўтирганча ҳамсуҳбатларига ўзининг ҳақни излашдаги катта саргузаштларини, ўз қавмининг дини бўлмиш оташпарастликдан қандай қилиб насронийликка, кейин қандай исломга ўтганини, руҳини, ақлини озод этиш йўлида отасининг ортиқ молу давлатини ташлаб ўзини камбағаллик, йўқчилик гирдобига ташлаганини, ҳақиқатни излар экан, қул бозорида қай ҳолда сотилганини, қандай қилиб Росулуллоҳ билан учрашиб, иймонга келганини, барча-барчасини ҳикоя қилиб бериб ўтирибди.. Келинг, у кишининг шукуҳли ўтиришига қўшилайлик.. айтаётган ажойиб ҳикоясини тинглайлик..

***
Исфаҳоннинг Жай номли қишлоғидан бўламан. Отам амлокдор киши бўлиб, мени жуда яхши кўрар эди.. Мажусийлик-оташпарастликда анча тиришиб, ўт ёқувчи вазифасини олиш шарафига ноил бўлдим, динимизда бу ўтни ҳеч ўчирмасдан доим ёниқ ҳолда тутиб туриш керак бўларди..
Отамнинг далада ерлари бўлиб, унда турли нарсалар экар эди.. Бир куни ўша жойга мени жўнатди.. Мен кетар эканман, йўлда насронийларнинг бир каниса-черкови олдидан ўтиб қолдим.. Уларнинг ибодат қилаётганлиги қулоғимга чалиниб, нима қилаётганликларини кўриш учун черковга кирдим.. Қилаётган ибодатлари менга жуда ёқиб қолди.. Ўзимга ўзим: бизнинг динимизга қараганда бу яхши экан, дедим.. Шу аҳволда кун ботгунча қолиб кетибман.. На отам ерига бордим, на уйга қайтдим.. Отам хавотир олиб ортимдан одам жўнатибди..
Менга насронийларнинг бу ишлари, ибодатлари ёқиб қолгач, ушбу дин асли қаерда деб сўрадим, улар: Шомда деб жавоб беришди..
Уйга қайтгач, отамга: Мен йўлда баъзи кишиларни кўрдим, черковларида ибодат қилишар экан, менга жуда ёқиб қолди, бизнинг диндан уларники яхши экан, дедим..
Отам мен билан тортишиб, тортишиб, охири, фикримдан қайтара олмагач, оёғимга кишан солиб, қамаб қўйди.. Бироқ ақлимга, эътиқодимга кишан урмоқнинг иложи йўқ эди.. Шунда бир иложини қилиб ҳалиги насронийларга мен уларнинг динига кирганимни, уларга Шомдан карвон келиб қолса менга албатта хабар беришларини сўраб одам жўнатдим.. Карвоннинг кетар вақти етгач кишанлардан бир амаллаб қутулиб, уларга қўшилиб олдим ва Шомга жўнаб кетдим..
У ерга боргач, энг олим кишиси ҳақида суриштирдим.. Улар: черков каттаси анави поп дейишди, мен унинг олдига бориб, ўз муддаомни билдирдим, унинг ёнида хизмат хизмат қилиб, ибодат қилиб, динни ўргана бошладим..
Бу поп динига амал қилмайдиган ёмон одам эди.. Одамлардан садақаларни тарқатиш учун йиғиб олардида, кейин ўзи бир четга босиб сақлаб қўярди..
У ўлгач, ўрнига бошқа бирини олиб келиб қўйишди, мен динига содиқликда бунчалик кишини кўрмадим, у бутунлай таркидунёчиликка берилган, фақат охират ғамида бўлган киши бўлиб, вақтини ибодат билан ўтказар эди.. Мен уни шундай яхши кўриб қолдимки, илгари бирор кишини унчалик яхши кўрганимни билмайман.. Тақдир тақозоси ила куни битгач, унга: Мана, кўриб турибсиз, бошингизга Оллоҳ тақдири билан шу иш тушиб турибди, энди нимага буюрасиз, кимга васият қиласиз? дедим.
У: эй ўғлим, менинг йўлимдаги каби инсонлардан ҳеч кимни билмайман, фақат Мавсил (Ироқ шимолида жойлашган шаҳар)да бир киши бор.. деди. Қазо қилгач, Мавсиллик ёнига келиб, бўлган воқеани айтиб, унинг олдида яшай бошладим.. Вақти келиб унинг ҳам ўз омонатини топшириш фурсати етди, мен ўша саволни унга ҳам бердим, у Рум (Византия) мамлакатига қарашли Аммурийя шаҳрида бир кишига бориб, унинг этагини тутишимни васият қилди.. Унга бориб, ёнида яшай бошладим, яшашим учун баъзи мол-қўйлар қилиб олдим..
Йиллар ўтиб, унинг ҳам бу дунёдан ўтиш вақти келганда: мени кимга васият қиласиз, дедим. У: эй ўғлим, ушбу йўлда қолган, “ёнига бор” деб айта оладиган бирор кишини билмайман, лекин Иброҳим алайҳиссалом дини бирла пайғамбар қилиб жўнатиладиган кишининг замони яқинлашиб қолди.. Икки томони қора тошлоқдан иборат хурмозор ерга ҳижрат қилади у пайғамбар.. Агар иложини топиб, ўша кишини топа олсанг, шу ишни қил, деди..
Кейин гапини давом этдириб: Унинг махфий бўлмаган белгилари бор, садақа емайди, ҳадяни эса қабул қилади, икки кураги ўртасида пайғамбарлик муҳри бор, кўрсанг танийсан, деди..
Ўшандан бошлаб фикру зикрим ўша хурмозор ерларга қандай қилиб етиш бўлиб қолди..
Кунлардан бир кун олдимдан бир карвон ўтиб қолди, юртларини сўрасам, Арабистон томондан, дейишди.. Мен уларга: ушбу молу қўйларимни берай, эвазига мени ўша жойларга еткизиб қўйинглар, дедим. Майли, дейишди.. Мени ўзлари билан олиб кетишди, Водил Қуро деган ерга етганимизда, менга зулм қилишиб, яҳудийлардан бир кишига сотиб юборишди.. Мен ўша жойларда кўп хурмозорни кўриб, менга васф этилган жой шу ер бўлишини, пайғамбарнинг шу ерларга кўчиб, ҳижрат қилиб келишини умид қилдим.. Лекин у жойлар эмасди..
Мени сотиб олган киши қўлида қул бўлиб турдим, бир куни Бани Қурайза қабиласидан яна бир яҳудий келиб, ундан мени сотиб олди, кейин мени Мадинага олиб келди.. Оллоҳга қасамки, мен Мадинани кўришимдаёқ менга васф этилган шаҳар эканлигига аниқ ишонган эдим!

Tags: ,

Leave a Reply