Салмон Форсий розияллоҳу анҳу. (4-чи қисм)

Диққат билан назар ташланг..
Ҳў анави соя тагида, хурмо баргларини (хурмо барглари узун-узун бўлади) ўриб, эшиб, саватлар, турли идишлар тўқиб ўтирган салобатли кексани кўряпсизми? Ўша киши Салмон бўладилар.. Калталигидан тиззаларигача очилай деб қолган яктакда, кексалик маҳобати, айни вақтда соддагина кийими билан қўр тўкиб ўтирибди..
Унга бериладиган тортиқ (пенсия) жуда ортиқ даражада, йилига 4 минг- 6минг орасида бўлсада, уларнинг барчасини тарқатиб берар, ундан бир дирҳам бўлсада олиб қолишдан бош тортар эдилар..
“Бир дирҳамга хурмо барглари сотиб олиб, кейин идишлар ясаб, 3 дирҳамга сотаман, бир дирҳамни яна барглар олишга олиб қўйиб, бир дирҳамни оиламга ишлатаман, яна бирини садақа қиламан.. Агар Умар ибн Хаттоб келиб бундан қайтарсада, қайтмайман”, дер эдилар..
Эй Муҳаммад издошлари! Эй улуғ саҳобалар!!
Эй, барча асрлар бўйи бутун инсониятга шараф бўлган зотлар!!!
Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Абу Зарр Ғифорий сингари саҳобаларнинг ҳаёт лаззатларидан воз кечганлари, тақволари ҳақида эшитганимизда, “Ҳа энди бу зотлар Арабистон оролининг қийин, оғир табиатида ўсган кишиларда..” дер эдик.. Бу не ҳолки, бугун рўбарўмизда роҳат-фароғат, тўкин-сочинлик, дунёнинг ривожланган ери бўлмиш Форс Империясидан келган, камбағалларидан эмас, форсларнинг энг кўзга кўринган бойларидан бўлган киши ўзига ёғилиб келаётган ойликларни, моҳоналарни олмасдан ўз қўли ила тўқиган саватлар орқали келган 3 дирҳамдан биргина дирҳамига қаноат қилиб ўтирибди..
Нега энди шу қадар кенглик ва фаровонликда ўсган бул зот бу ҳолни ихтиёр этди? Нечун ўзига берилаётган бошчилик, амирликлардан қочиб, рад этганча: “Таом ўрнига тупроқ есангда, икки киши устидан бошлиқ бўлмаслик уҳдасидан чиқа олсанг, омадинг чопибди..” дейдида, барча мансаблардан, амирликлардан қочиб, жиҳодга кетаётган бўлинма бўлсагина, ёки ўзидан бошқа амирликка яроқли киши топилмай қолгандагина, чор-ночор қабул этиб, бу вазифани уддалаш учун титраб, йиғлаган ҳолда ишга тушадиган бўлиб қолди..?
Устига мажбурлаб юклатилган вазифаси эвазига келаётган ҳалол иш ҳақини олишдан нега бош тортади..??
Ҳишом ибн Ҳассон Ҳасан Басрийдан ушбуларни ҳикоя қилади:
“Салмоннинг иш ҳақи 5 000 эди, қўл остидаги 30 000 кишига хутба қилар экан, унинг биргина тўни бўлиб, у ҳам кийим, ҳам тўшак вазифасини ўтар эди.. Моҳонаси чиққанида шундайича ўтказиб юборар, қўл меҳнати орқасидан кун кўрар эди..”.
Неъмат қўйнида ўсган, маданият шаробидан симирган бу форсий киши нега бу қадар таркидунёликка берилди, дунёдан этак силкди?
Келинг, жавобни унинг ўзидан олайлик, беғубор, улуғвор руҳи Буюк, Меҳрибон Парвардигори томон йўл олиш вақти етиб, ўлим тўшагида ётган вақтида айтган сўзларини эшитайлик..
Саъд ибн Абу Ваққос уни кўргали келди.. Салмон Саъдга кўзи тушар экан кўзлари жиққа ёшга тўлди..
– Нега йиғлайсиз, Абу Абдуллоҳ, Росулуллоҳ сиздан рози бўлиб кетган бўлсалар..
– Худо ҳақи, ўлимдан қўрқиб ё дунёга ачиниб йиғламаяпман, лекин Росулуллоҳ кетаётганларида: “Дунёдан оладиган улушларинг мусофир-қўноқникидек бўлсин”, деган эдилар.. Менчи.. мен шунча нарса ичида ётибман…
Саъд: атрофига назар ташлаб, бир товоқ, обдастадан бошқа ҳеч нарса кўрмадим, дейди..
– Абу Абдуллоҳ, бизга насиҳат қилиб кетинг..
– Эй Саъд.. Бирор ишга уринганингда ҳам, бирор ҳукмни қилганингда ҳам, бирор молни тақсимлаганингда ҳам Оллоҳни ёдда тут…
Ҳаа.. Унинг нафсини тўқ қилган, дунёнинг молларию мансабларию мартабаларидан қўл силташга олиб келган “Дунё сизларни эгаллаб қўймасин, дунёдан оладиган насибангиз мусофир оладиган насиба миқдорида бўлсин” деган Росулуллоҳ нинг марҳаматлари экан..
Салмон бу муборак сўзларга пайравликни қиёмига келтириб, аҳдида тура олган бўлсада, покиза руҳи сафарга отланар экан, “ростдан ҳам аҳдда тура олдимми, чегарадан ўтиб кетмадимми” деган ваҳимада эди.. Ён-верида эса таом ейдиган товоғию сув ичиб, таҳорат оладиган обдастаси бор эди, холос..!!
Шундай бўлсада, ўзини дунёга кўмилган, деб ўйлаётибди..
Сизга: “У Умарга жуда ўхшайди”, демаганмидим!
Мадоин ноҳиясига амирлик қилиб юрган вақтида ҳам аҳволи ўзгармади.. Юқорида айтиб ўтилганидек, амирлик моянасини олишдан бош тортди, сават тўқиб кун кечириб юрди.. Кўйлаги билан тўни эса камсуқумликда бири биридан ўзар эди..
Бир куни йўлда келар экан, бир киши Шом тарафдан анжир, хурмо кўтарганича келиб қолди.. Юк уни анча эзиб қўйган эди.. Олдидан шаҳар аҳлининг оддий кишилари киядиган юпунгина кийинган кишининг ўтаётганини кўргач, “кел, шунга кўтартирай, мен ҳам дам олиб оламан, у ҳам баҳонада бир-икки мирилик бўлиб қолади”, деган ўйда уни имлаб чақирди.. У келгач, “кел, буни кўтар”, деди.. Йўлда уни олдига солиб, юкини кўтартириб келар экан, рўпараларидан бир тўп одамлар чиқиб қолдилар… Юк кўтариб кетаётган киши уларга салом берди.. Улар тавозеъ билан “Амиримизга ҳам салом бўлсин” дедилар..
Йўловчи ҳайрон.. “Амиримизга салом бўлсин”..?? Қайси амир?? У шу ўйга келар экан, таажжубга тушган, гаранг ҳолда қолган эди.. Ўша тўп ичидан бир нечтаси югуриб чиқиб “Амир ҳазратлари, келинг менга беринг, уят бўлади..” деб қолгани эса уни янада тонг қолдириб, оғзини ланг очириб қўйди..
Ўша юпун кийинган киши кимсан Мадоин амири Салмони Форсий эканлигини билиб довдираб қолди, югуриб келиб минг узр-ла юкни қайтиб олмоқчи бўлди.. Салмон эса “Йўқ, жойингизга етказиб бермагунимча бермайман”, деб бош чайқар эди…

* * *

Бир куни ундан:
Нега бунчалик амирликни суймайсиз? деб сўрадилар. У “тотиб кўриши тотлию, ундан чиқиб кетиш аччиқ, қийинда”, дедилар.
Кунларнинг бирида дўсти унинг уйига кириб қолиб, хамир қораётганини кўриб сўради:
– Хизматчи қани?
– Бир ишга юборган эдим, бирйўла икки хизматни буюргим келмади..
“Уйига” деган сўзни эшитган муҳтарамлар унинг уйи қандай эканлигини ҳам билганлари яхши.. Ўша “уй” деб аталмиш кулбани қурмоқчи бўлганда қурувчидан: “уйни қандай қилиб қурмоқчисан”, деб сўради.. Қурувчи Салмоннинг зоҳидлигини, тақвосини биладиган заковатли, ақлли киши эди.. Унга жавоб берар экан: “қўрқмасинлар, бор-йўғи ёзнинг жазирамасидан, қишнинг аёзидан сақлайдиган, турсангиз бошингиз шифтига, ётсангиз оёғингиз четига етадиган қилиб қуриб берамиз”, деди.. У киши хотиржам бош силкди: “Шундай бўлсин”.

Унинг ушбу дунёда ардоқлайдиган, кўз қорачиғидек сақлайдиган биргина нарсаси бўлиб, аёлига уни жуда махфий жойга бекитиб қўйишини буюрган, ҳеч ким воқиф бўлмаслигини тайинлаган эди..
Ўлим шарпаси келиб, дунёдан кетиш маҳали яқинлашганини сезгач, хотинига: “Ҳалиги мен яшириб қўй, деган нарсани опкелинг”, деди..
Олиб келди.. “Жалуло” ғазоти куни улушига тушган мушк (хушбўй атир кукуни) эди.. Ўлганимда сепилади, деб олиб қўйган экан..
Бир пиёла сув олиб келтириб, унга мушкни солар экан, аралаштариб аёлига деди:
– Теварагимга сепиб қўйинг, ҳозир олдимга таом емайдиган, хушбуй ҳидларни хуш кўрадиганлар келади..
Аёли айтганини бажариб бўлгач:
– Эшикни маҳкам ёпиб ташқарига чиқинг, деб буюрди.. Аёли чиқиб кетди..
Бир муддат ташқарида қолиб, қайтиб кирганида муборак руҳи жасадидан, дунёдан ажралиб, кўкка чиқиб кетган, улуғ жамоат томон завқу шавқ қанотлари ила парвоз қилмоқда эди.. Зеро, у ерда кўришишга пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан, икки ўртоғи Абу Бакр ва Умар билан, дунёни ёғду ва эзгуликка тўлдирган шаҳидлар, покиза танлар билан ваъдалашган эди..
Неча йиллаб Салмонни қадрдонларига бўлган чанқоқ иштиёқ томоғини қақратиб келган эди… Мана энди бемалол, симирса, қонса бўладиган кун ҳам етиб келди..

Tags:

Leave a Reply