Салмон Форсий розияллоҳу анҳу. (3-чи Қисм)

Ушбу жозибадор, нурли калималар ила Салмон Форсий ўзини Оллоҳга боғлагувчи, унга ҳаёт йўлини чизиб берувчи ҳақиқатни излаш йўлидаги саргузаштларини гапириб берди..
Саргузаштларига қулоқ тутар экансиз, беихтиёр хаёлга чўмасиз.. Нақадар ҳиммати кўкда бўлган, интилувчан киши бўлган экана!
Ичида сақлаётган руҳи бунчалар пок, бунчалар беғубор бўлмаса.. Тоғларни майда-майда этувчи, кескир олмосларданда ўткир, метин иродаси бунчалар мустаҳкам, бунчалар қатъий бўлмаса.!
Ҳақиқатга бунчалар берилган, бунчалар содиқ бўлмаса.. Ҳали ҳаётга тўйиб улгурмасданоқ ўз оила-аъзоларидан, отасининг беҳисоб молу давлатидан, сўлим боғ-роғлару кумуш янглиғ товланиб оқаётган ширин сувлардан воз кечиб, ҳақиқат йўлида ўзини қийинчиликларга тўла, машаққатлардан ўзга ҳеч нарсаси кўринмайдиган мажҳул ҳаётга топшириб, бир юртдан иккинчи юртга кўчиб юришнинг ўзи бўладими!!
Лекин, интилганга толе ёр, деб бекорга айтмайдилар!
Салмон ҳам ўткир зеҳни ила, ҳақни излаган беғубор, синчков қалби орқали кишилар ҳаётини, йўлларини ўрганиб, ўзининг ҳақ йўлидаги қатъий иродаси орқали, ҳаётдаги барча қийинчиликларга сабру бардош қилиб, ҳатто энг азиз мулки бўлмиш ҳуррияти, озодлигидан ҳам ажралиб, қул бўлиб сотилсада, излаган нарсасига охири етди.. Оллоҳ уни дунё сарвари, пайғамбарлар сардори ила жамлади.. Шундан сўнг Оллоҳ унга яна умр бериб, ҳақ байроқлари турли ерларда ҳилпираб, олий бўлганлигини кўришни насиб қилди!! Оллоҳнинг мусулмон бандалари бутун ер юзида башарият тарихида мисли кўрилмаган адолат низомини ўрнатиб, яшнатиб юрганлигининг гувоҳи ҳам бўлди..!! Ўшандай низом ўрнатилишига ўзининг салмоқли ҳиссани ҳам қўшди!!

Унинг ўша салмоқли ҳиссаларидан бири Хандақ ғазотида бўлган..
Бу воқеа ҳижратнинг бешинчи йилида бўлиб ўтган эди.. Ўшанда Мадина атрофида яшовчи яҳудийлар бошчиларидан бир нечтаси Макка мушриклари олдига бориб уларни Оллоҳ пайғамбари ҳамда мусулмонларга қарши гиж-гижлаган, Макка атрофидаги бошқа қабилаларни ҳам бу ишга даъват этишган, ўзлари ҳам бу янги динни таг-томири билан суғуриб ташлашда қўл қовуштириб турмасликларини, баҳодирларча жангга кириб, кўмак беришларини айтиб мақтанишган, ваъдалар қилишган эди..
Эндигина тетапоя бўлиб, оёққа туриб келаётган Исломга қарши қилинган бу мудҳиш тил бириктирув режаси қуйидагича амалга оширилиши керак эди..
Қурайш билан Ғатафон қабиласи аскарлари Мадинага ташқаридан ҳужум бошлаганда Бану Қурайза (яҳудий қабилалардан бири) ичкаридан, мусулмонлар ортидан оёққа турар, натижада мусулмонлар икки томондан зарба еб, тегирмоннинг икки тоши буғдойни қандай янчиб ташласа, мусулмонлар шундай янчилиши, уларга барҳам берилиши керак эди..
Мусулмонлар Исломга қарши қилинган бу фитнадан ҳали бехабар, яҳудийлар билан қўшничилик ришталари ила боғланиб, улардан бирор ёмонлик содир бўлишини хаёлларига келтирмай яшамоқда эдилар..
Бир куни ўша вақтдаги энг зўр, энг кучли қуроллар ила жиҳозланган минглаб аскарлардан иборат қўшин Мадина томон отланаётганини эшитиб қолдилар.. Мусулмонлар тўсатдан келмоқда бўлган бу қўшиндан жуда саросимага тушиб, уларни анча ваҳима эгаллаб олган эди.. Қуръон уларнинг ўша вақтдаги ҳолатини тасвирлаб, шундай дейди:
“Қўшинлар сизларга устингиздан ҳам, остингиздан ҳам келган вақтни эсланг, ўшанда кўзлар олайиб, юраклар ҳалқумга келиб қолган, Оллоҳга турли гумонларни қила бошлаган эдингиз”!!
Абу Суфён ва Уяйна ибн Ҳисн (Макка атрофидан қўшилган аъроб қабилаларига бошчилик қилган киши) қўмондонлигида 24 000 аскар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унинг асҳобларини чилпарчин қилиб ташлаш учун Мадинага яқинлашмоқда эдилар. Ушбу армия юқорида ишора этилганидек, фақат Қурайш аскарларидан ташкил топган бўлмай, балки Исломни ўзига хатар деб билган барча қабилалар аскарлари мажмуи эди.. Аҳоли кам бўлган ўша вақтларда бунчалик аскарларнинг тўпланиши анча қийин, тўпланганда эса кишиларни қўрқув ва ваҳимага солмай қўймасди.. Пайғамбар душмани бўлган шахслар, жамоалар, қабилалар, барча-барчасининг ўз манфаатлари йўлида қилган жиддий энг сўнгги уриниши эди бу.
Мусулмонлар ниҳоятда танг аҳволда қолиб, пайғамбар уларни маслаҳатга йиғдилар. Табиийки, улар мудофаага, ҳимояга туришга бир овоздан келишдилар.. Лекин ҳимоя қай тарзда бўлади?
Шунда бўйлари узун, сочлари қуюқ, пайғамбар суядиган, эҳтиром этадиган бир киши олдинга ўтди.. Салмон Форсий олдинга ўтиб, бир тепаликка чиқдида, Мадинага синчковлик билан қараб, унинг ҳар томондан тоғлар ва тошлар билан ўралганини кўрди.. Бироқ унинг бир томонида анчагина кенг, очиқ ер бўлиб, қўшин худди шу томондангина бостириб кира олар эди..
Салмон Форс диёрида кузатган уруш услубларидан бирида ҳимоя учун хандақ қазиш ҳам бор эди.. Росулуллоҳ га яқинлашиб, арабларда ҳали учрамаган шу услубни қўллашни маслаҳат берди.. Ўша очиқ ерга хандақ қазиб, душман ўтиб кетолмаслигини таъминлаш кераклигини айтди..
Агар ўша хандақ қазилмаганида, Оллоҳ билади, воқеа нималар билан якунланар эди.. Бир ой Мадина ташқарисида қамал қилиб, кира олмагач, охирда Оллоҳ томонидан совуқ ва кучли довул туриб, уларнинг чодирларию қозон-ўчоқларини учириб кетган, ночор қолган Абу Суфён қайтишга буйруқ чиқарган эди..

Ўша ғазотда мусулмонлар хандақ қазир эканлар, барча қатори Салмон ҳам қазишда иштирок этди.. Росулуллоҳ улар билан елкама-елка туриб, қазишга ёрдам бердилар.
Салмон қўлида чўқмор (керки) ила тошларни майдалар экан, олдидан бир қаттиқ, темирдек харсангтош чиқиб қолди..
Салмон паҳлавонкелбат, бели бақувват, кучли киши эди.. Йўлида учраётган тошларни майдалаб келар, уни бирор тош тўса олмаган эди.. Лекин бу харсанг қанчалик бошига зарба тушмасин, жойидан қимирламас, бирон ери кўчмас эди..
Бошқалар ҳам уриниб, қайсар тош олдида ожиз қолишгач, Салмон Росулуллоҳ қазиётган ерга бориб, қаттиқ тош борлигини айтиб, қазиш йўлини сал ўзгартириб, тошни айланиб ўтишга рухсат сўради..
Росулуллоҳ Салмон билан ўша тошни ўзлари кўргали келдилар, кўрганларида, керкини олиб, асҳобларига узоқроқ туришни буюрдилар.
Кейин муборак икки қўлларини осмонга кўтариб “Бисмиллоҳ” деганларича, чўқморни маҳкам тутган ҳолда харсангга урдилар.. Шунда шу пайтгача зарбаларга парво қилмаган харсанг ушбу зарбадан дарз еди, атроф ёришиб кетгандек бўлди.. харсангнинг учдан бири майдаланиб кетди..
Росулуллоҳ : Оллоҳу акбар! Форс калитлари берилди менга.. Ҳийра қасрлари, Кисро (Хисрав) шаҳарлари кўринди, умматим уларга ғолиб бўлажак, дедилар.
Кейин иккичи бор кўтариб, яна бир зарба урдилар.. Ўша ҳолат такрорланиб, харсангнинг яна бир қисм майдаланиб кетди.. Росулуллоҳ нинг юзлари ёришиб кетиб: Оллоҳу акбар.. Энди Шом калитлари ҳам берилди.. Менга уларнинг қизил қасрлари ёришиб кўринди.. Умматим улар устиданда ғолиб бўлажак, дедилар.. Учинчи бор уриб, қолганини майдаладиларда: Оллоҳу акбар, менга Яман калитлари берилди.. Санъо қасрларини кўряпман, дедилар..
Оллоҳ ва пайғамбари рост сўзлади!!

Шундай қилиб, Салмон Хандақ қазиш маслаҳатини берган, ғайб асрорларидан баъзилари Оллоҳ томонидан пайғамбарига берилишига сабаб бўлган ўша харсангтошга ҳам биринчи бор дуч келган киши бўлдилар.
Пайғамбар ушбу мўъжизани айтаётганида ёнида турган, унга узоқ умр берилиб, ўша мўъжизаларнинг ҳаётда, кўз ўнгида амалга ошганини кўрган эди..
Форс ва Шом шаҳарлари очилганини кўрди..
Санъо, Сурия, Миср, Ироқ қасрларининг гувоҳи бўлди..
Салмон турли ерларнинг кўкка бўй чўзган мезаналардан таралган муборак ҳайқириқлар ила тўлган, ҳидоят, эзгулик, нурга бой бўлганини кўриш шарафига муяссар бўлди..

Ҳиммати кўкда бўлган, сидқу ихлос ила ҳаёт кечирган бу буюк инсон ўз тақволарида, заковатларида ҳам Умар ибн Хаттобга ўхшаб кетар эдилар.
Муохот – пайғамбар илк Мадинага келганларида асҳобларини бир-бирига икковора (иккита-иккитадан) қиёматлик дўст қилиб қўйганларида Абуд Дардо билан дўстлашган эди.. Абуд Дардо кечалари қиёмда туриб, намоз ўқиб, кундузлари рўза тутиб юрар эди.. Унинг бундай таркидунёчилигини кўриб, аёли ҳам ўзига қарамай қўйган эди.. Бир куни унинг нафл рўзага бўлган қатъиятидан қайтармоқчи бўлиб сўз очганида унга Абуд Дардо ўгитнамо: Раббимга рўза тутишдан қайтармоқчимисиз, деб қолди.. Шунда Салмон: Устингизда Раббингизнинг ҳам, ўзингизнинг ҳам, аёлингизнинг ҳам ҳақи бор, ҳар бирининг ҳақини ўзига еткизинг, рўза ҳам тутинг, оғизни очиб ҳам юринг.. Кечалари намоз ҳам ўқинг, ухланг ҳам.. Ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳақини беринг, деди..
Бу сўз Росулуллоҳ га етиб борганида: Салмон илмга тўла, дедилар.
Росулуллоҳ унинг ўткир заковатини, илмини қадрлар, ахлоқини ҳам мақтар эдилар.. Ўша хандақ кунида ансорлар: Салмон бизлардан, дейишса, муҳожирлар улар қаршисида туриб: йўқ, Салмон биздан бўлади, деб талашиб қолишди.. Шунда узоқдан қараб турган Росулуллоҳ уларга қараб: Салмон биздан, аҳли байтдан (пайғамбар хонадонидан)” дедилар..

Албатта, у бундай шарафга лойиқдир..
Али ибн Абу толиб р.а. уни Луқмони Ҳаким деб номлар эди.. Вафотидан сўнг унга у ҳақда савол беришганида: “У биздан, аҳли байтдан эди, Луқмони ҳакимдек киши яна берилармикин, аввалгилар илмидан, кейингилар илмидан олган эди, олдинги ва кейинги китобларни ўқиди, туганмас бир денги эди”, деди..
Саҳобалар ичида жуда баланд мартабага эришган бўлиб, уни барчаси ардоқлар эдилар.. Умар р.а. халифалик қилиб турган даврда Мадинага зиёрат қилиб келдилар.. Умар шунда ҳеч кимга кўрсатмаган илтифотини кўрсатиб, ёнларидаги аъёнларни тўпладиларда: Юринглар, пешвоз чиқиб Салмонни кутиб олайлик, дедилар.. Мадина четига чиқиб, Салмон келишини кутиб турдилар.
Салмон Росулуллоҳ га учраб иймон келтиргандан бошлаб мужоҳид, обид бўлиб яшадилар, халифалари Абу Бакр, Умар даврларида ҳам шу тахлит ҳаёт кечирдилар.. Усмон халифалигида ҳам яшаб, халифалик ўрталарида омонатларини топширдилар.. Ўша йилларга келиб Ислом байроқлари барча уфқларда ҳилпирар, хазиналар ва мол-дунёлар Ислом мамлакатига ёғилмоқда эди..
Бу вақтларда Салмон қаерда эди? Ўша дунё ёғилган, роҳат-фароғат фурсатлари етиб келган пайтда Салмонни қаердан топсак экан…

Tags:

Leave a Reply