Гулшан аро (ёхуд Саҳобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу (1-қисм)

Бисмиллаҳ..
Барча оламларни гўзал, бетакрор услубда яратган, инсонларни ақлу ҳуш неъмати ила зийнатлаган Холиқи Яктога ҳамду санолар бўлсин.. Осмондаги юлдузлар, ёмғир томчилари сонини, ердаги тупроғу қумлар, зарралар ададини билувчи, бир қил ҳаракатидан, бир барг тушишидан бехабар қолмайдиган Хабардор зотга мақтовлар, олқишлар бўлсин.. Қоронғилигу ёруғлик, сирлару ошкоралар унинг учун баробардир…
Башариятни зулмат қаъридан чароғон нурли йўлга олиб чиққан, инсоният муаллими бўлган суюкли пайғамбари бўлмиш саййидимиз Муҳаммад Мустафога беҳисоб дуруд ва саломлар бўлсин.. У зотга барча ишларда эргашган, ортдагиларга гўзал намуна бўлган содиқ саҳобаларига, уларга пайравлик бахтли инсонларга қиёматга қадар саломлар ёғилсин..
Муҳтарам дўстлар, “Гулшан (саҳобалар ҳаёти) бўйлаб сайр” номли мавзуимизнинг азиз мухлислари..
Бугун саҳобалар боғидан яна бир ифорли гулшан ила, саҳобаларнинг ўчмас тарихидан яна бир ёрқин намуна ила танишиб чиқамиз.. Бугунги дастуримиз қаҳрамони Қуръонни баралла ўқиган зот Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ҳазратларидир…

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу

Қуръонни биринчи баралла ўқиган зот

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Арқам уйига (ўша уйни кенгашхона қилиб) киришларидан илгариёқ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу у зотга иймон келтиришга улгурган, пайғамбарга эргашиб, мусулмон бўлган олтитанинг олтинчиси бўлишга муваффақ бўлган эди..
Демак, биз Исломга биринчилардан бўлиб кирган улуғлардан бирининг қаршисида турибмиз.
У ўзининг Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бўлган дастлабки учрашуви ҳақида бундай дейди:
“Уқба ибн Абу Муайтга қарашли қўйларни боқиб юрадиган ўспирин эдим.. Бир куни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Абубакр келиб қолиб, мендан:
– Эй бола, сенда сут борми, чанқадик, деб сўрашди.
– Менга бу қўйлар амонат қилиб берилган, сут бера олмайман, дедим.
Шунда пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга қараб:
– Қўчқор яқинлашмаган тусоқ* борми? дедилар.
– Ҳа.. дедим. Кейин уни олиб келдим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни бир ерга боғлаб, елинини силаб Парвардигорга дуо қилдилар.. Кўз ўнгимда елин шишиб, тўлди. Абубакр бир ичи ковак тош олиб келиб, унга сутни соғди.. Абубакр ҳам ичди, менга ҳам беришди.. Кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам елинга қараб: “Тортил” деди.. Елин кичрайиб, тортилиб кетди..
Шундан сўнг пайғамбар ёнига келиб “менга ўша сўздан ўргатинг”, дедим. Менга қараб: “сен ўрганувчан боласан”, дедилар”.

* * *

Абдуллоҳ ибн Масъуд Оллоҳнинг солиҳ бандаси ва унинг амонатли пайғамбарининг Рабб таолога дуо ила ёлвориб ҳали сут келмаган елинни силаганини, шунда пучайиб ётган елин шишиб, ичгувчилар учун жуда ёқимли бўлган, хуштаъм, беғубор сут келаётганини кўрганда бениҳоя таажжубга тушиб, мафтун бўлган эди..
Исломнинг ўша илк кунларида бу киши билмас эдики, кўраётган бу мўъжизаси ўшал улуғ пайғамбар қўлида содир бўлаётган энг оддий мўъжизадир.. Билмас эдики, бу улуғ пайғамбар қўлида ҳали дунёни зир титратиб, оламни ҳидоятга, нурга тўлдирувчи мўъжизалар келади..
Билмас эдики, бўлиб ҳам ўзи – Уқба ибн Абу Муайт қўйларини боқиб юрадиган нозиккина, кучсиз, камбағал бир мардикор бола ҳали ўша мўъжизаларнинг бирига айланажак..! Бу мўъжиза Ислом уни тарбиялаб, ўшандай заиф, ночор боладан ўз иймони орқали барча Қурайш ғўдайганларини, зодагонлар тумшуғини ерга ишқайдиган киши қилиб етиштирганда юз беради..! Ўшанда Макка зодагонлари ёнидан ўтишга журъати етмайдиган, ўтса ҳам доим боши эгик, тез-тез қадам босиб ўтиб кетадиган йигит мусулмон бўлганидан кейин Каъба ёнидаги зодагонлар йиғини ёнига бориб Қурайшнинг барча саййидлари, зодагонлари ўтирганда улар тепасида туриб ўзининг таъсирли, ширин овозини Оллоҳ Қуръонининг оятлари ила баралла қилади!!
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ الرَّحْمَنُ (1) عَلَّمَ الْقُرْآَنَ (2) خَلَقَ الْإِنْسَانَ (3) عَلَّمَهُ الْبَيَانَ (4) الشَّمْسُ وَالْقَمَرُ بِحُسْبَانٍ (5) وَالنَّجْمُ وَالشَّجَرُ يَسْجُدَانِ (6)
Бениҳоя раҳмли, беҳад меҳрибон Оллоҳ номи билан бошлайман. Бениҳоя раҳмли зот бўлмиш Оллоҳ Қуръонни ўргатди. Инсонни яратиб, унга (ўзаро бир-бирини англаб тушуниши учун) баён – нутқни ўргатди. Қуёш билан ой Оллоҳ ўлчаган ҳисоб бўйича юради. Самодаги юлдуз ҳам, ердаги ўт-ўлану дов-дарахт ҳам барчалари Оллоҳга сажда қиладилар.
Ибн Масъуд юқоридаги оятларни ўқир экан, Қурайш катталари карахт ҳолга келган, на кўриб турган кўзларига ишонар, на эшитаётган қулоқларига инонар эдилар.. Уларнинг барчаси қаршисида барчасига “кўриб қўй” дегандек иш қилаётганини ҳеч ақлларига сиғдира олмас эдилар. Наҳотки шу рўпараларида турган йигит зодагонларидан бирининг қўйини боқиб юрадиган мардикор чўпон камбағал Ибн Масъуд бўлса!!!
Шу ерда ўша ҳаяжонли воқеани ўз кўзи билан кўрган Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга қўйиб берайлик, айтиб берсин..
“Маккада Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўнг Қуръонни овозини баралла қўйиб ўқиган зот Абдуллоҳ ибн Масъуд бўлади.. Бир куни саҳобалар тўпланишиб ўзаро суҳбат вақтида:
– Худо ҳақи, Қурайш ҳалигача Қуръонни овоз чиқариб ўқиётган кишини эшитгани йўқ, уларга эшиттириб қўядиган одам бормикин.. дейишди.
– Мен, деди Абдуллоҳ ибн Масъуд.
– Сенга қўрқамиз, бўлса ҳам улардан қутқара олишга қурби етадиган қабиласи бор одам бўлиши керак, дейишди..
– Қўяверинглар, Оллоҳ ўзи қўриқлаб олади, деди Ибн Масъуд.
Эрталаб чошгоҳ маҳали ибн Масъуд мақом (Иброҳим а.с. мақомлари, Каъбани қураётганда турган ер, ҳозир қубба шаклида иҳота қилиниб, сал орқароққа суриб қўйилган) ёнига келди.. Қурайш ўзининг ўтиришида Каъба ёнида тўпланишган. Мақом ёнида тик турдида овозини баланд кўтариб ўқий бошлади:
بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ الرَّحْمَنُ (1) عَلَّمَ الْقُرْآَنَ….
Кейин улар томонга ўгирилиб яна ўқишда давом этди.. Улар аввалида парво қилмадилар, кейин: “Ибн Умм Абд” (Ибн Масъуднинг лақаблари) нима деяпти? Муҳаммад келтирган нарсадан ўқияптими??! дедиларда, ўрниларидан туриб келиб дўппослай бошладилар, у эса ўқишда давом этар эди..! Охирда саҳобалар олдига юз-кўзи шишиб, бадани моматалоқ бўлиб қайтиб борди..
– Худди шундай бўлади деб қўрқувдикда.. дейишди улар..
– Оллоҳ душманлари бугунгидек кўзимга ожиз кўринмаган эди.. Хоҳласаларинг эртага ҳам бу ишни такрорлайман, деди.
– Етади.. Шундоқ ҳам улар хоҳламаган нарсани эшиттирдинг, дейишди..”
Ҳа… Елин тўсатдан тўлиб, вақти келмай сут оқиб келганда ҳайрону лол қолиб, мўъжизага мафтун бўлган Ибн Масъуд унинг ўзи ҳам, ўзи каби бошқа оддий камбағаллар ҳам Оллоҳ байроғини юқори кўтарган маҳал, қуёш нури, кундуз ёғдусини доғда қолдургудек нурга тўлган маҳал пайғамбарнинг йирик мўъжизаларидан бирига айланишларини ҳали умуман билмас эди…
Билмас эдики, мазкур кунлар жуда яқин келажакда келажак!!
Дарҳақиқат, ўша кун кўз очиб юмгунча етиб келиб, камбағал, бечора бир мардикор бола мўъжизалардан бирига айланди!!

* * *

давоми бор…

=====================
* Тусоқ қўй – ҳали қўчқор яқинлашмаган урғочи қўзи.

2 Responses to “Гулшан аро (ёхуд Саҳобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу (1-қисм)”

  1. Abbas ibn Abd ar Rohman says:

    mawallah!da oni bili obladatelimi imana!mawallah!

    • Бахром says:

      Абдуллох ибн Масъуд качон исломга кирган. Куй ва сут вокеаси хижрат арафасида булмаганми?

Leave a Reply