Гулшан аро (ёхуд Саҳобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (3-қисм)

Ҳамза ўткир ақл соҳиби ҳамда софдил, виждонли киши эди..
Уйга қайтиб, ҳордиғини олгач, бугунги бўлиб ўтган воқеалар ҳақида хаёлга чўмди..
Мусулмон бўлганини қай ҳолда ва қачон билдириб қўйди..?
Ғазабга миниб, юзига қон тепган, жиянига қилган Абу Жаҳлнинг қилиғи ҳамиятини қўзғаган вақтда эълон қилди..
Етим жиянининг шундай беёрдам қолиб, озор ва калака остида қолиши унинг беҳад аччиғини чиқарган, Бани Ҳошимнинг шарафи учун ҳам юқоридагидек Абу Жаҳл бошини ёриб, мусулмон бўлганини айтиб унга бақирган эди..
Лекин… асрлар бўйи давом этиб келган ота-оналар динини ташлаб, ҳали таълимотларини унча қамраб олмаган, ҳақиқатини, кунҳини ўрганиб чиқмаган янги динга киришнинг энг тўғри йўли наҳот шу тарзда бўлса…
Тўғри, у бир лаҳза бўлсада Муҳаммад (с.а.в.)нинг ростгўйлиги, нияти поклигига шубҳа қилган эмас.. Лекин, масъулиятлар, жавобгарликларга тўла бир янги динни ҳозиргина Ҳамза қилиб ўтганидек бир оний бир лаҳзада, ғазаб асносида қабул этиши мумкинмикин..
У бутун фикру зикри шу ҳақда бир неча кеча кундузни ўтказди..
Одатда, ҳақиқат ақл орқали изланганда шак-шубҳалар ўрганиш, маърифат воситаси вазифасини ўтайди..
Худди шундай Ҳамза ҳам Исломдаги изланишларига ўз ақлини ишлатиб, эски дини ва янги дин орасини тарозига солар экан, ота-оналар динига бўлган табиий интилиш, меросдан меросга ўтиб келаётган ҳар бир янгиликдан ётсираш табиати унда тағин шубҳаларни қўзғатган эди..
Каъба ҳақидаги, олиҳалари, бутлари борасидаги бор хотиралари юзага қалқиб чиққан, барча Қурайш қабилалари учун, бутун Макка аҳли учун йўнилган олиҳалари орқали келган барча ғалабаю шон-шарафлар унинг хаёлидан бирма-бир ўтар эди..
Жияни байроғини кўтарган ушбу янги даъватга қалбида чуқур эҳтиром сақлар эсада, лекин, бундай даъват издошлари, мўминларидан, ҳимоячиларидан бўлиш учун, хуллас, бу динга кириши учун энг муносиб вақт қайси вақт бўлмоғи керак эди?
Ғазаб ва ҳамият оними?
Ёки тафаккур этиб, обдан ўйлагандан кейинми?
Шундай қилиб, унинг соф дили, пок виждони масалани ана шундай чуқур тафаккур, ўта жиддий ўйга кўндаланг қилган эди..
Уҳҳҳ…
Ўтган барча тарихдан, эски, ота-боболар динидан чиқиб кетиш таги йўқ жарлик устидан сакраб ўтишдан ҳам оғир эди..
Ҳамза бу қадар енгил суратда эски диндан янгисига ўтганига ажабланиб, қилган ишига бошида афсусланди… Лекин яна ақлини ишга солди.. Бундай ҳолда ақлнинг ўзи ҳеч нарса қила олмаслигини кўргач, бор ихлосию сидқи билан ғайб оламига, Яратганга илтижо қилди…
Каъба олдида осмонга юзланар экан, ҳаққа, тўғри йўлга йўллашни сўраб ёлворар, ич-ичидан сув бўлиб кетган эди..
Унинг ўзи бу ҳолатни қисқача бундай тасвирлайди:
“Кейин ота-бобомлар, қавмим динини ташлаганимга мени афсус эгаллаб олди, қалбимга жуда баҳайбат шубҳа чордона қуриб олган, уйқуни бегона қилган эди..
Кейин Каъбага келиб, Оллоҳга дилимни ҳаққа очишини, шубҳалардан узоқ қилишини сўраб илтижо этдим.. Оллоҳ дуоларимни қабул этиб қалбимни ишончга, иймонга тўлдирди..
Эрта туриб Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бордим, кечган кечинмаларни сўзлаб бердим, у киши динда қалбимга сабот сўраб, дуо қилдилар..”.

Tags: ,

Leave a Reply