Гулшан аро (ёхуд Саҳобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (2-қисм)

Мана, ўша кун ҳам етиб келди…
Ҳамза ҳовлисидан елкасига камонини ортқилаб юзини чўлга бурганча ўзининг севимли машғулоти, кўнглига яқин эрмаги бўлмиш – овга, сайёдликка отланди… У ушбу соҳада жуда катта маҳоратга эга эди..
Овда ўз иши ила машғул бўлиб, кун қайтгач, сайдидан қайтдида, уйига боришдан илгари йўл-йўлакай одати бўйича тавоф қилмоқ учун каъба томон юз бурди.. Каъбага етмасидан бурун рўпарасидан Абдуллоҳ ибн Жудъон чўриларидан бири чиқиб қолдида, уни кўрар-кўрмас:
– Эй Абу Умора, ҳозиргина жиянингиз Муҳаммаднинг Абул Ҳакам ибн Ҳишом (Абу Жаҳлнинг номи)дан нималарни эшитганини кўрсангиз эди.!! Каъба ёнида ўтирганида келиб, шундай озор бериб, шундай сўкдики, шундай ёмон сўзлар айтиб дилини оғритдики, асти қўяверасиз..!! деди..!!
Ҳамза чўрининг гапига яхшилаб қулоқ тутар экан, юзи ерга қадалган эди.. Сўнгра ўнг қўли ила камонини яхшилаб елкасига жойладида, Каъба томон шахдам қадамлар билан тез юриб кетди… У юриб борар экан, Абу Жаҳл кетиб қолмаган бўлишини умид қилар, бордию топа олмаса, топгунга қадар ҳамма ерни ағдар-тўнтар қилишга етгулик қатъият унинг юзидан ёғилиб турарди..
Лекин, бахтига Каъбани кўрар-кўрмас, ҳовлисида Абу Жаҳлнинг бир гуруҳ Қурайш зодагонлари ўртасида ўтирганини кўрди…
Ҳамза мудҳиш бир хотиржамлик билан миқ этмай Абу Жаҳл томон юрдида, шартта камонини елкасидан олиб, унинг бошига чунонам урдики, пешонаси ёрилиб, қон оқа бошлади.. Ўтирганлар тўсатдан юз берган бу ҳолдан ўзларига келишга улгурмай, Абу Жаҳлга қараб ҳайқирди:
– Ҳали сен Муҳаммадни шундай бўралаб сўкадиган бўлиб қолдингми, мен унинг динида бўлиб туриб!! Айтган нарсасини мен ҳам айтаман!! Қўлингдан келса ўша зўрлигингни менга қайтар!!
Ўтирганлар ўша лаҳзада раҳбарлари Абу Жаҳлга етган бу хорликни, унинг бошидан оқаётган қонни эсдан чиқардилар.. Чунки, Ҳамзанинг кейинги гаплари уларни яшиндек уриб, гангитиб қўйган эди.. Ҳамзанинг Муҳаммад динида экани, у айтаётган нарсани бу ҳам айтиши уларга ток ургандек таъсир қилган эди..
Ҳамза мусулмон бўлмоқдами?!!
Қурайш йигитларининг энг азиз, энг паҳлавони, энг ғайратлисия?!!
Бу иш Қурайш бас кела оладиган бир иш эмасди… Энди тамом.. Ҳамзанинг мусулмон бўлиши кўпчилик сара кишиларни Исломга тортқилаши аниқ.. Муҳаммад ҳам энди ўз даъватини кучайтирадиган, белини бақувват қиладиган бир таянчга эга бўлади.. Қарабсизки, бир кун келиб Қурайш ўз бутларини, илоҳларини майда-майда қилаётган чўқморлар овозига уйғонади..!!
Ҳа… Ҳамза мусулмон бўлди… Ўша юрак тубида сақланган гапни катталар даврасида эълон қилдида, эси бошидан учган жамоатни тубсиз ноумидлик жарига ағдариб, Абу Жаҳлни эса ёрилган бошидан оқаётган қонларни хорлик билан артиб олаётган ҳолда қолдириб, яна бир бор ўнг қўли ила камонини яхшилаб елкасига жойладида, ҳовлиси томон етаклайдиган кўчага яна шахдам қадамлар ила, улуғвор бир ҳайбат билан йўл олди..!

Tags: ,

Leave a Reply