Гулшан аро (ёхуд Сахобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Мусъаб ибни Умайр розияллоҳу анҳу (2-қисм)

(давоми)

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъабни ўша вақтдаги энг масъулиятли вазифани бажаришга йўлладилар. Ақаба олдида Росулуллоҳга иймон келтириб, байъат берган ансорларга динни ўргатиш учун, қолган мадиналикларни ҳам даъват қилиб, шаҳарни ҳижратга тайёрлаш учун Мусъаб Мадинага пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчиси сифатида йўл олди.
Саҳобалар ичида ундан кўра ёши каттароқ, ҳурмат-эътиборлироқ, Росулуллоҳга яқинроқлари бор эди. Лекин пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтнинг энг долзарб масаласи бўлган бу ишга Мусъабул-хайрни ихтиёр этдилар. Унга яқин кунлар ичида ислом марказига айланадиган Мадина шаҳридаги даъват ишларини ишониб топширдилар.
Мусъаб Оллоҳ унга инъом қилган оқиллик, ҳусни хулқ каби гўзал хислатларини ишга солиб, бу амонатли вазифани бажармоққа турди. Зоҳидлиги, ихлоси билан мадиналиклар кўнглини овлаб, улар Оллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб кира бошладилар.
Мадинага биринчи етиб келган кунларида бутун шаҳарда фақат ўн икки киши – Ақабада пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган кишиларгина мусулмон эди, холос. Мусъабнинг бир неча ойлик даъвати натижасида кўплари Оллоҳ ва расулига иймон келтирдилар.
Ақаба байъатидан кейинги ҳаж мавсумида Мадина мусулмонлари Росулуллоҳ ҳузурларига ўз намояндаларини юборар эканлар, уларнинг сони етмиш эркак-аёлдан ошган эди. Улар пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига ўз муаллимлари Мусъаб ибн Умайр бошчилигида етиб келдилар.
Мусъаб ўзининг зукколиги билан пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ишончини оқлаб, ўз вазифасини тўғри англаган, инсонларни Оллоҳ таолога иймон келтиришга чақирувчи ҳамда ҳидоятга, тўғри йўлга даъват қилувчи бир даъватчи эканлигини унутмади.

* * *

У Мадинада Асъад ибни Зуроранинг уйида меҳмон бўлиб яшади. Иккиси биргаликда қабилалар, маҳалла-куйларни айланишар, турли суҳбатларда қатнашиб, одамларга Оллоҳнинг каломини тиловат қилишар, жуда мулойимлик билан Оллоҳнинг калимасини айтиб, «Фақат Оллоҳ ўзи ёлғиз илоҳ – маъбуддир», деб даъват этардилар. Даъват асносида баъзан шундай ҳоллар рўй берардики, оқиллик, босиқлик қилмаганида ўзи ҳам, бошқа мусулмонлар ҳам жуда қийин аҳволда қолар эди.

Бир куни Бану абдил Ашҳал қабиласининг саййиди Усайд ибни Ҳузайр қуролини қўлига олганича ёмон важоҳат билан Мусъабнинг устига бостириб келди. Шунча одамни аҳмоқ қилиб динидан чиқараётган, олиҳаларни қўйиб, қандайдир ўзининг бир илоҳига чақираётган бу йигитчанинг адабини бериб қўйгани Усайд астойдил бел боғлаган эди.
Мусъабнинг атрофида унинг сўзларига қулоқ тутиб ўтирган мусулмонлар Усайднинг ғазабга минган ҳолда келаётганини кўриб қўрқиб кетдилар… Лекин Мусъаб пинагини пузмай, Усайдни очиқ чеҳра билан қарши олди.
Усайд Мусъаб ва Асъад ибн Зуроранинг устига ёнганича келиб: Бизнинг маҳаллага нега келдинглар?! Бизнинг одамларимизни ҳам аҳмоқ қилмоқчимисанлар?! Жонингдан умидинг бўлса, туёқларингни шиқиллат! – деди.
Тонг ёғдусидай мулойим нур билан товланаётган Мусъабул-хайр ширин тил билан: Биз билан бирга ўтириб, даъватимизни тинглаб кўрмайсизми? Сизга гапимиз ёқса бизга қўшиларсиз, бўлмаса биз ҳам сизни хафа қиладиган бирон иш қилмаймиз, – деб таклиф қилди.
Усайд бамаъни, оқил киши эди. Мусъаб ҳамма ишни унинг виждонига ҳавола қилиб, ишонч ҳосил қилсанг биз билан бўласан, гапимиз сени қаноатлантирмаса, сенинг маҳаллангга қайтиб кирмаймиз, қабилида таклиф қилгани унга жуда маъқул келди.
– Инсофли гап айтдинг, – деб, қуролини бир четга қўйди-да, Мусъабнинг гапларини тинглай бошлади.
Мусъаб Қуръон тиловат қилиб, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган динни тушунтириб берар экан, Усайднинг юзи аста ёришиб, эшитаётган гапларидан таъсирланаётгани сезилди…
Мусъаб гапдан тўхтагач, Усайд ёнидагиларга қўшилиб деди: Нақадар чиройли, рост сўзлар! Бу динга киришни хоҳлаган одам нима қилиши керак?
Мусъаб: мусулмон бўлмоқни ирода қилган киши кийим, баданини поклаб, Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Росулуллоҳ, калимасини айтса, бас, – деди.
Усайд уларнинг мажлисига бир оздан сўнг нам сочлари билан қайтиб келди-да, шаҳодат калимасини айтиб, мусулмон бўлганини эълон қилди…. Бу хабар бутун Мадинага тарқалди.
Саъд ибн Муоз ҳам Мусъабнинг даъватларидан кўнгли таскин топиб, мусулмон бўлди. Ундан сўнг Саъд ибн Убода ҳам мусулмонлар сафига қўшилди.
Шаҳарнинг бу уч саййиди мусулмон бўлганидан сўнг мадиналиклар: Усайд ибн Ҳузайр, Саъд ибн Муоз ва Саъд ибн Убодалар мусулмон бўлган бўлса, биз нега қараб турибмиз, Мусъабнинг олдига юринглар, унинг оғзидан ҳақиқат ёғилар эмиш, деб оқиб кела бошладилар.

***

Tags:

Leave a Reply