Гулшан аро (ёхуд Саҳобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу (5-, охирги қисм)

Ана шундай қилиб оллоҳ шери, пайғамбар арслони улуғвор шаҳид бўлиб йиқилдилар..
Ҳаётлари ғала-ғовурли кечганидек, ўлимлари ҳам шундай ғала-ғовурли бўлди..
Душманлари у кишини ўлдириш билан кифояланиб қолмадилар.. пайғамбар ва амакисини асосий кўзда тутган, ушбу мақсад йўлида бор пул, бор кучни тўплаганлар уни ўлдириш билан аламларидан чиқа олмадилар..
абу суфён аёли Ҳинд бинти Утба Ваҳшийга Ҳамзанинг жигарини кесиб келишни буюрди..! ушбу қутурган рағбатни ваҳший бажо келтириб, унга жигарни ўнг қўлида топширар экан, ўз вазифаси бажарилиши эвазига ваъда этилган тақинчоқларни чап қўли ила олар эди..!
Киши жоҳилиятда не-не аҳмоқлик, не-не мажнунлик қилмайди.. не-не мантиқсиз ҳаракатлар ундан содир бўлмайди..
Ҳинд ҳам жоҳилият моғорлари ҳали қалбида қурум каби ётар экан, Ҳамза жигарини чайнаб, тили бирла бир-икки айлантирди, бу бемаънилик билан вужудини қамраб ётган адоват, нафратини енгиллатмоқчи бўлди.. жигарни бир-икки бор оғзида айлантирдию, юта олмасдан чиқариб ташлаб, нарироқда турган тош устига чиқиб, қичқирди:

Бадр кунин аламин олдик беомон,
Жанг кетидан қасос уруши ёмон..
Утба, акам, ёлғиз ўғлим, амаким,
Қасосин олмоқ-чун чиққандим бу кун..
Юрагим қондирдим, назрим ушалди,
Ваҳший таскин бериб, қасдимни олди..

Уруш тугади.. мушриклар туяларига минганча, отларини сурганча маккага қайтиб кетдилар..
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалар билан шаҳидларни кўриш, уларни дорулбақога кузатиб қўйиш учун уруш майдонига тушдилар..
У зот тоғ этагида, водийда жонларини оллоҳга сотган, буюк парвардигорларига ўзларини қурбон этган асҳобларини бирма-бир текшириб келар эканлар, тўсатдан.. тўхтаб қолдилар.. Қарадиларда, юзлари тундлашиб жим қолдилар.. тишларини тишларига босиб, кўзларини юмдилар…
Ахлоқий тубанлик шу даражада пастга эниб, бу қадар ваҳшийликка етиб, ўлик жасади бу қадар тилка-пора қилиниб ташланади деб ўйламаган эдилар.. у зот жасадлари ваҳшийлик билан тилиб ташланган амакилари оллоҳ шери ва шаҳидлар саййиди улуғ шаҳид Ҳамза ибн абдулмутталиб олдида турардилар!!
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўзларини очар эканлар, ғазабдан кўзлари чақнар эди.. баданлари тилка-пора қилинган амакилари жасадига кўзларини қадаганча:
– Сизга бўлган мусибатимдек энди менга ҳеч қачон мусибат етмаса керак.. ушбу ўриндагидек ғазабга, нафратга минган ўринда ҳеч қачон турмаган эдим..
Сўнгра асҳоблари томон ўгрилдиларда, дедилар:
– Сафийя (Ҳамзанинг опаси) қайғуга тушиб ҳамда мендан кейин суннатга айланишидан хавф этмаганимда йиртқичлар қорнига, қушлар жиғилдонига тушиб кетмагунча Ҳамзани шу ҳолда қолдирардим … агар оллоҳ уруш майдонларидан бирида Қурайш устидан мени ғолиб қиладиган бўлса худо ҳақи, уларнинг ўттизтасини тиламан..!
Пайғамбар асҳоблари ҳам:
– Оллоҳга қасамки, бирор кун бизни ғолиб этса уларни шундай ёрайлик, тилайликки, арабларнинг етти ухлаб тушига кирмаган бўлсин!
Бироқ, Ҳамзани шаҳидлик билан эъзозлаган оллоҳ ушбу ўринда ҳам уни эъзозлади: унинг ваҳший суратда тилиб ташланган ҳалокатидан адолат, инсоф, тенгликни ҳимоя қилувчи бир буюк дарс олиб келди, ҳатто жазо, қасос вақтида ҳам раҳмдиллик, тенгликни фарз этувчи қонун келтирди..
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мусибат асносида айтиб юборган юқоридаги қасамларини тугатар тугатмас, жойларидан ҳали жилиб улгурмай ваҳй келиб қолди, ўша ўриндаёқ оллоҳ томонидан ушбу оятлар нозил бўлди:

وَإِنْ عَاقَبْتُمْ فَعَاقِبُوا بِمِثْلِ مَا عُوقِبْتُمْ بِهِ وَلَئِنْ صَبَرْتُمْ لَهُوَ خَيْرٌ لِلصَّابِرِينَ (126) وَاصْبِرْ وَمَا صَبْرُكَ إِلَّا بِاللَّهِ وَلَا تَحْزَنْ عَلَيْهِمْ وَلَا تَكُ فِي ضَيْقٍ مِمَّا يَمْكُرُونَ (127) إِنَّ اللَّهَ مَعَ الَّذِينَ اتَّقَوْا وَالَّذِينَ هُمْ مُحْسِنُونَ (
128)

“125. (эй Муҳаммад), парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал йўлда мужодала — мунозара қилинг! албатта, парвардигорингизнинг ўзи унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва у зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур.
126 (эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта сабр қилгувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир.
127. (эй Муҳаммад, бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. ёлғиз аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг. уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам!
128. Зотан, аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амаллар қилгувчи зотлар билан биргадир. “.
мазкур оятларнинг ушбу ўринда нозил бўлиши ажри оллоҳга қолиб кетган Ҳамза учун жуда улуғ бир мукофот бўлди..

* * *

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жуда яхши кўрар эдилар.. юқорида айтиб ўтганимиздек, у пайғамбарнинг амакисигина бўлиб қолмай, эмикдош акаси, гўдаклик чоғи ўртоғи, бир умрлик айрилмас дўсти эди..
Бундай видолашув лаҳзалари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жуда оғир кечди.. у киши Ҳамзани охират ҳаёти сари кузатиб қўяр эканлар, дўстлари учун қиладиган энг яхши алвидоси, хайрлашуви – уҳуд шаҳидлари сонича унга жаноза ўқиш бўлди.. Пайғамбар ва асҳоблари унга жаноза ўқиганларидан кейин яна бир шаҳид келтирилди, қўшиб жаноза ўқидилар… у шаҳидни дафн этдилар.. кейин яна бир шаҳид келтирилди, унга қўшиб Ҳамзага яна жаноза ўқидилар.. шу зайлда қайси бир шаҳид келтирилса Ҳамзани жойидан жилдирмасдан шаҳидга қўшиб, Ҳамзага ҳам ўқийвердилар… барчаси бўлиб Ҳамзага етмишта жаноза ўқидилар..

* * *

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдонидан уйга қараб юрдилар.. Йўлда келар эканлар, бани Абди Ашҳал қабиласи аёлларининг урушда шаҳид бўлган йигитларига уввос солиб йиғлаётганликларини эшитдиларда, Ҳамзага бўлган чексиз муҳаббатлари, юраклари сув бўлиб оқаётганликлари туфайли:
– Лекни Ҳамзага йиғловчилар йўқ.., дедилар.
Бани Абди Ашҳал қабиласи сардори Саъд ибн Муоз разияллоҳу анҳу буни эшитиб, аёллар пайғамбар амакисига йиғи қилиб берса Росулуллоҳга ёқар экан деб тушуниб, аёлларга Ҳамзани айтиб йиғланглар, деб буюрди..
Пайғамбар буни эшитиб, дарҳол аёллар томонга бордиларда, уларни йиғлашдан қайтариб дедилар:
– Мен буни назарда тутмаган эдим, қайтинглар.. Бугундан бошлаб ҳеч ким ўлганга йиғи (маросими) қилмасин, дедилар..
Шундай қилиб, шаҳидлар саййида асҳоблар орасидан охират томон кетди..
Пайғамбар асҳобларига ҳам бу воқеа қаттиқ таъсир қилиб, Ҳамзани ёдлаб, унинг хислатларини эслаб марсиялар ёздилар..
Ҳассон ибн Собит р.а. ўзининг марсиясида жумладан ушбуларни ёзган эди:

Оҳори тўкилган уйлардан эниб,
Очиққўл Ҳамзага йиғлагил бироз..
Тисланган, пишқироқ отларга миниб,
Ўрмон шери каби ўкирган шоввоз..

Ҳошим авлодидан кўзга илинган,
Ҳақиқат йўлида янчган ботилни..
Шамширлар тиғи-ла шаҳид қилинган…
Оллоҳ шал айласин Ваҳший қотилни..

Абдуллоҳ ибн Равоҳа р.а. эса бундай дейди:

Ўзум йиғлаб, кўзум йиғлаб, ёшимни жолалар қилдим,
Фиғондин тортиб оҳ-зорлар, самоға нолалар қилдим..

Кишилар тарқатуб ахбор, “Йиқилди Шери Ҳақ” дерлар,
Мусулмонларға кўп қайғу, паямбар куйганин билдим..

Або Яъло, куюб борлиқ, фиғондин титради ерлар,
Сенингдек эзгу, чин эрнинг рисойинг* қилғали келдим..

Сафийя бинти Абдулмутталиб – пайғамбар аммаси, Ҳамзанинг опаси эса, узун марсия ёзган бўлиб, жумладан қуйидагиларни айтади:

Ҳамзани ҳақ Илоҳи, Қудратли Ҳақ таоло,
Жаннат сари чақирди, унда тирик, хуш бўлар..
Ушбу дамни орзиқиб кутар эди доимо…
Ҳамзани маҳшар куни неъматдан сархуш қилар..

Қасам ичиб айтаман: унутмасман сени ҳеч!
Токи ҳар тонг ғириллаб эсаркан майин шамол..
Мудом ёдда тутаман, йиғи бирла эрта кеч..
Сафарда ҳам, уйда ҳам, умрим бўлгунча завол..

Ҳақнинг жасур Арслони, қавмим саййиди бўлиб,
Қалқон қилиб кўксини, ҳар ёвга бўлди қўрғон..
Жарчилар ўлимини юраркан эълон қилиб,
Дерман: Оллоҳ ёрлақаб, рози бўлсин, укажон!

Юқоридаги марсиялар нақадар холис, нақадар ажойиб бўлсада, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг айтган видолашув сўзлари, жасади тепасида турар эканлар, шаҳидлар орасида кўриб айтган сўзлари унинг учун энг афзал марсия ўрнида бўлган эди:
– Сизга Оллоҳнинг раҳмати бўлсин.. Доимо қариндошлик ришталарини боғлаб юрувчи дилкаш, барча ўринларда яхшилик қилиб юрувчи яхшилик кони эдингиз..

* * *

Дарҳақиқат, пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу мусибати жуда катта бўлиб, бунга тассалли топиб кетиш анчагина қийин эди.. Лекин йўлда тақдир Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун ажойиб бир тасаллини бекитиб турар эди..
Уҳуддан маҳаллалари томон кетар эканлар, йўлда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Динор қабиласидан бир аёл ҳовлиси ёнидан ўтдилар.. Унинг Уҳуд жангида отаси, эри, укаси шаҳид бўлган эди.. Ғазотдан қайтиб келаётган мусулмонларни кўриши билан улар томон югуриб жанг тафсилотини сўрай бошлади.. Шунда улар бироз сўзлашганларидан сўнг унга эри, дадаси, укаси учун таъзия билдирдилар.. Ушбу ўринда бу аёлнинг жавобига эътибор беринг.. Аҳволига бир назар ташланг.. Шартта йиғи келиб, оҳ-воҳ қилиб қолиш ўрнига бесабрлик билан:
– Росулуллоҳ нима қилдилар?
– Тинч.. Қўрқманг, у киши сиз кутгандек, соғлар..
– Мен аввал бир кўрай.. Кўрсатинглар менга!
Улар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам етиб келишини кутиб турдилар.. Узоқдан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўриши билан югуриб, яқинлашганда йиғлаб ушбу сўзларни деди:
– Сиз омон экансиз, барча мусибат биз учун енгил..!!

* * *

Ҳа… Ушбу аёлнинг бундай фидойилиги унга билдирилган барча таъзиялардан афзал, барча тасаллилардан устун эди..
Бундай тенги йўқ ҳолат ўзни қурбон этиш, фидокорлик дунёсида ҳали ўтмаган бўлса керак.. Бир бечора аёл бир куннинг ўзида, балки бир лаҳзада ҳам дадаси, ҳам эри, ҳам укасидан ажрайдида, юраги тоғдек келадиган кишини ҳам гурсиллатиб йиқитадиган ушбу хабарни айтувчига “Росулуллоҳга нима бўлди?” деб сўрайди..!!
Шубҳасиз, ушбу ҳолат Оллоҳ шери ва шаҳидлар саййидига таъзия ва тасалли сифатида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун тақдирнинг гўзал услубда чизиб қўйган, вақтини чиройли белгилаган бир туҳфаси эди..

==============
* Рисойинг – марсиянг.

Эслатма: Муаллифнинг юқоридаги «Шубҳасиз, ушбу ҳолат Оллоҳ шери ва шаҳидлар саййидига таъзия ва тасалли сифатида пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун тақдирнинг гўзал услубда чизиб қўйган, вақтини чиройли белгилаган бир туҳфаси эди..» деган маънодаги сўзидан мухтарам ўқувчилар «тақдир ўзини ўзи яратди», ёки «ўзини ўзи белгилади» маъносида тушунмасинлар, асло ундай эмас. Албатта, барча махлуқотни яратган ягона Оллоҳ таолодир, жумладан ўша яратилмиш бандаларнинг ишларини хам, қилмишларини хам, барча харакатларини яратган, тақдирга битиб қўйган хам ёлғиз Оллоҳ. Фақат бу ерда Араб тилида ва бошқа тилларда хам бўлган мажозий гаплардан фойдаланиш бўлган, хусусан адиблар, ёзувчилар тилида.

Tags:

Leave a Reply