Гулшан аро (ёхуд Сахобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Мусъаб ибни Умайр розияллоҳу анҳу (1-қисм)

Мусъаб ибни Умайр розияллоҳу анҳу

Исломнинг илк элчиси

Мусъаб розияллоҳу анҳу ғайрат-шижоатга тўла, ҳусндор, қурайш йигитларининг сарасидан эди..
Тарихчи ровийлар унинг ёшлигини таърифлаб, «Макка аҳлининг энг хушбўй, атрлиси эди», дейдилар.
Макка йигитлари ичида Мусъабдай ота-онасининг эркаси бўлиб, ноз-неъмат ичида туғилиб ўсгани бўлмаса керак.
Макка гўзалларининг орзуси, мажлис-йиғинларда оғиздан тушмайдиган бу хушрўй, келишган, эрка йигит иймон-эътиқод бобида, фидойилик майдонида донг чиқариб, афсонага айланиб қолиши мумкинми?
Ё Оллоҳ! Мусъаб ибн Умайрнинг ёки мусулмонлар атаганларидай Мусъаб ул-хайр – эзгули Мусъаб воқеаси нақадар таъсирли!
У ислом қолибида шаклланган, Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам тарбиясини олган буюк зотлардан бири…
Унинг ҳаёти бутун башарият учун шарафдир.

Бир куни Макка аҳли томонидан амонатдорлиги учун ал-Амийн – ишончли лақабини олган Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: мени Оллоҳ пайғамбар қилиб юборди, ёлғиз Оллоҳнинг ўзига ибодат қилинглар, Унга бирон нарсани шерик қилманглар, деб даъват қилаётгани бу йигитнинг ҳам қулоғига чалиниб қолди.
У ёш бўлишига қарамай мажлисларнинг кўркига айланган, келишган қад-қоматига яраша ўткир ақли, бамаънилиги билан танилган бўлиб, барча уни ўз суҳбатига чорлар, ҳамма уйнинг эшиги унинг учун очиқ, қалблар тўридан жой олган эди.
Шу сабаб у қурайшнинг кўп йиғинларида қатнашар, мажлисдаги асосий гап, бор эътибор Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг динларига қаратилгани учун бу эрка йигит ҳам у зот ҳақдаги гапларни бошқа гаплардан кўра кўпроқ эшитар эди.
Қулоғига чалинган гаплар ичида: Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотга иймон келтирган мўминлар қурайшнинг гап-сўз, иғвоси, азиятидан йироқда, Сафо тоғининг устидаги Арқам ибни Абил Арқамнинг ҳовлисида тўпланишар экан, деб эшитиб қолди.
Бу гапни эшитган заҳоти ҳеч иккиланмади, пайсалга солиб, кутиб ўтирмади-да, зўр иштиёқ билан, олам-олам орзулар ила тўғри Арқамнинг ҳовлисига йўл олди.
Бу ҳовлида Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобайи киромлар билан учрашар, уларга қуръон тиловат қилиб бериб, биргаликда Олий, қудратли зот Оллоҳ таоло учун намоз ўқир эдилар.

Мусъаб мажлисдан жой олиб ўтиргач, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак қалбларидан қайнаб чиқаётган ояти карималар у зотнинг оғизларидан ўтиб қулоқ ва дилларга йўл олар экан, ўша онда Ибн Умайр учун ажиб ҳолат рўй берди…. Юраги кўкрак қафасидан отилиб чиққудай бўлиб, кутилмаган нашва билан қалби учаёзди…
Лекин, алангаланаётган кўкрак, ирғиётган юрак устига Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини узатиб, силаган заҳоти Мусъаб уммонлар каби ҳадсиз, чуқур хотиржамликни ҳис қилди.
Кўз очиб юмгунча ҳозиргина иймон келтириб, мусулмон бўлган йигит ўз ёшидан бир неча баробар катта кишиларнинг ақлу ҳикматига эга, тарих чархпалагини тескари айлантириб юбора оладигандай азму иродага молик йигитга айланди, қолди.

***

Мусъабнинг онаси Хунос бинти Молик қаттиққўл, забардаст аёл бўлиб, унинг ҳайбатидан қўрқиб турардилар.
Мусъаб мусулмон бўлган чоғида бутун ер юзида у қўрқадиган бирон куч бўлмай, фақат онасидан ҳайиқиб турарди, холос.
Агар Макканинг бари, бутларию зодагонлари, тоғу тош, саҳролари ҳаммаси бир даҳшатли тус олиб у билан курашиб, беллаша бошлаганда ҳам Мусъаб уларга дов бера олган, осонликча таслим бўлмаган бўлар эди.
Лекин онасига қарши турмоқ…. Бу иш тоқатдан ташқари нарса бўлиб, даҳшатга тенг, ўлим ила баробар эди.
Тез ўйлаб кўргач, Оллоҳ бирон йўл кўрсатгунча мусулмон бўлганини яшириб юрмоққа қарор қилди.
У Арқамнинг ҳовлисига қатнаб, Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларидан баҳраманд бўлар, иймон неъматига мушарраф бўлгани учун қувониб, ҳали ўғлининг мусулмон бўлганидан бехабар онасининг ғазабига учрамаганидан суюниб юрарди…

Лекин, Маккада, айниқса ўша кунларда сир яширишнинг ҳеч иложи йўқ. Чунки қурайшнинг “қулоқ”, “кўз”лари ҳар ерда муҳайё…. Макканинг жизғинак қилиб куйдирувчи, босилган изларни бошқаларга кўз-кўз қилиб турувчи “чақимчи” қумларидаги ҳар бир қадам излари улар назаридан четда эмас….
Бир кун Усмон ибни Талҳа Арқамнинг ҳовлисига Мусъабнинг яширинча кириб кетаётганини кўриб қолди. Яна бир бор Мусъабнинг намоз ўқиётганининг шоҳиди бўлди-да, шамол ва елларни доғда қолдирганча югуриб Мусъабнинг онасига келди ва ўғлининг мусулмон бўлганини оқизмай-томизмай еткизди. Бу хабардан онаси Хуноснинг эси оғаёзди…

Мусъаб уйга қайтганида уни онаси ва қариндош уруғлари кутиб турардилар, атрофда Макка зодагонлари йиғилиб олган…. Мусъаб булар олдида ҳақиқатнинг устиворлиги, саботини мужассам қилиб, уларга қуръон тиловат қила бошлади… Қалбларни мусаффо айлагувчи, дилларни ҳикмат, улуғворлик билан, адолат ва тақво ила безагувчи қуръони каримни ўқий бошлади…
Онаси бир тарсаки билан унинг овозини ўчиргани қўл кўтарди-ю, лекин Мусъабнинг юзидаги ҳусн устига ҳусн қўшган, уни виқор ва салобат билан чулғаган нур олдида донг қотди, юқори кўтарилган қўли ночор қуйига тушди…
Қўл кўтариб аламини олишдан ожиз қолган бу аёл олиҳалари учун қасос олишнинг бошқа услубини қўллади. Ўғлини ҳовлининг чекка бир бурчагига қамаб қўйди.
Мусъаб иймон-эътиқоди сабабли ўз онасининг қўлида тутқунликда ётар экан, бошқа мусулмонларга ҳам Макка аҳли турли озорлар бераётган эди. Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг рухсатлари билан мусулмонларнинг баъзилари Ҳабашистон ерига ҳижрат қилгали турдилар.
Бу ишлардан хабар топган Мусъаб ҳам бир иложини топди-да, онаси ва қўриқчиларини ғафлатда қолдирганча Ҳабашистон ерига ҳижрат қилиб кетди…

* * *

У энди мусулмон биродарлари билан Ҳабашистон элида яшайди, сўнг улар билан бирга Маккага қайтиб боради. У ёқдаги оғир шаротилар туфайли яна ҳижрат қилиш буйруғини олган саҳобалар қаторида иккинчи бор Ҳабашистонга йўл олади….
У хоҳ Ҳабашистонда, хоҳ Маккада бўлсин, қаерда юрса ҳам, иймони юксак чўққиларда парвоз қилар эди… Ўзининг ҳаёт тарзини Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тақдим этган мукаммал намуна асосида шакллантириб, буюк Оллоҳ таоло учун қурбон қилишга арзигудай етукликка етказган эди….

* * *

Бир кун Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мажлисларига йўл олар экан, у зотнинг атрофида ўтирган мусулмонлар Мусъабни кўриб бошларини қуйи солдилар, унга тик қарай олмадилар, баъзиларининг кўзи ёшланди… Чунки у эски ямоқ кийим кийиб олган эди… Беихтиёр кўз ўнгларида Мусъабнинг мусулмон бўлишдан олдинги ҳоли – кийимлари кўркам гулзордаги гулдай яшнаб, порлаб юрган чоғлар намоён бўлди…
Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Мусъабни қарши олар эканлар: «Мен Мусъабни Маккада кўриб юрар эдим, у пайтлар бирон йигит ота-онасининг олдида Мусъабдай азиз-мукаррам эмасди. У Оллоҳ ва расулини яхши кўргани учун бу нарсаларнинг баридан воз кечди», – дедилар…

* * *

Онаси ўғлининг диндан қайтмаслигига ишончи комил бўлганидан сўнг унга ҳеч нарса бермай қўйди. Олиҳалар юзига оёқ қўйиб, уларнинг лаънатига учраган одам менинг овқатимдан емайди, гарчи ўз фарзандим бўлса ҳам, дея онт ичди.
Мусъаб Ҳабашистондан қайтганида, онаси яна ҳибс қилиш тараддудига тушган пайтларда сўнгги бор онаси билан учрашди. Унинг: «мени банди қилиш учун сизга ёрдам берадиган ҳар қандай одамни ўлдираман», деган сўзлари Хуносни шаштидан қайтарди. Зеро у ўғлининг қатъийятини жуда яхши биларди.
Бу сўнгги учрашувда онанинг куфр устида оёқ тираб туриб олишидан ҳайратга тушамизми ёки ўғилнинг иймонда мустаҳкам туришиданми?!
Онаси уйдан ҳайдар экан: Йўқол, энди сенга она эмасман, – деди.
Мусъаб онасининг олдига яқин келиб: Онажон, мен сизга яхшилик тилайман, сиз учун кўнглим ачийди. Келинг, ҳақ динни қабул қилинг, Ло илоҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Росулуллоҳ, дея шаҳодат калимасини айтинг, – деди.
Онаси аччиқ билан қасам ичди: Юлдузларга қасам ичиб айтаманки, мен сенинг динингни асло қабул қилмайман! Одамларга эрмак бўлиб, устимдан кулишларини асло истамайман!

Мусъаб иймон-эътиқоди йўлида ўзи яшаб келган фаровон ҳаётдан воз кечди, иймондаги қашшоқлик, камбағалликни иймонсиз тўкин-сочинликдан устун билди. Олифталик билан кийимларни чертиб-чертиб танлаб юрган бу йигит энди фақат топганини кияди, бир кун тўқ бўлса, бир неча кун оч юришга мажбур. Шундай бўлсада, эътиқод чўққисини забт этган, Оллоҳнинг нуридан баҳра олган Мусъаб дилларни ҳайбат ва ҳурмат билан тўлдирадиган бошқа бир инсонга айланган эди.


Tags:

One Response to “Гулшан аро (ёхуд Сахобалар ҳаёти бўйлаб) сайр. Мусъаб ибни Умайр розияллоҳу анҳу (1-қисм)”

  1. Abu Nura says:

    maa shaa alloh

Leave a Reply